Ўзбекистон | 17:22 / 18.07.2024
34766
3 дақиқада ўқилади

Америкалик сувчи: «Орол бунгача ҳам қуриб, яна тўлган»

Ўз вақтида дунёдаги энг йирик тўртинчи кўл бўлган Орол денгизининг қуриши мустақил Ўзбекистон учун энг жиддий экологик муаммога айланди. Шундай бўлса-да, аксар ўзбекистонликлар Орол муаммосига жуда бефарқ. Худди Орол атрофидаги экологик муаммо фақат унинг яқинида яшайдиган хоразмликлар ва қорақалпоқларга тегишлидек.

Аммо Орол денгизи қуриши сабаблари, унинг атрофида пайдо бўлган экологик муаммони АҚШдан келиб ўрганадиганлар ҳам бор. Самарқандда шундай инсонлардан бирини учратдик. Кўҳна шаҳардаги экофорумда америкалик Роберт Виллиард Орол денгизи атрофидаги экологик муаммо ҳақида чиқиш қилди.

Ўзбекча гапирадиган америкалик

Роберт Қорақалпоғистондаги жой номларини адашмай айтиши эътиборни тортди. Тадбирдан кейин гаплашсак, у Орол атрофидаги ҳудудларнинг деярли барчасида бўлган экан. У олис оролбўйи қишлоқларидаги мактабларда ётиб қолиши, бу муаммо билан 2016 йилдан буён қизиқиб келишини айтди.

Америкадаги номдор Колумбия университетида иқтисод йўналишида ўқиган ва бугун Нидерландия сувчилик бўйича магистратура таҳсилини олаётган ню-йорклик йигитнинг ўзбекча гапириши эса ҳар куни кузатилмайдиган ҳолат. Шу боис у билан кичик суҳбат уюштирдик.

Робертнинг айтишича, Орол муаммоси ҳақида 2016 йил Колумбия университетида ўзбекистонлик профессор томонидан намойиш этилган дастурда хабар топган. Шундан кейин бутун бошли кўл қуриб кетиши сабабларини ўргана бошлаган.

Кейинчалик Мўйноққа келиб, Оролнинг қуриган ва ҳозир мавжуд бўлган қисмларини ўз кўзи билан кўргач, Оролни қутқариш бўйича фонд очишга қарор қилган. Ўзининг айтишича, бу фондга йиғилган пулларнинг барчаси оролбўйида яшайдиган одамларга сув филтрлари сотиб олиш, атрофидаги мактабларга дарахт экиш, одамларга тоза ичимлик суви етказиб бериш каби ишларга сарфланади.

«Орол қайтади...»

Роберт Орол бунгача ҳам қуриб яна тўлган деган фикрда: «Тадқиқотлар шуни кўрсатади. Мен археологлар билан суҳбатлашган ҳам шундай фикрларни эшитганман. Ахир Марказий Осиёдаги дарёлар ўзанини бир неча марта ўзгартирган. Орол қачондир қайтади, балки 500 йилдан кейин, балки 100 йилдан кейин», дейди суҳбатдошимиз.

Аммо Робертнинг фикрича, ҳозир асосий масала Оролни қандай тўлдириш эмас, у ерда яшайдиган одамларни қандай қилиб мавжуд экологик муаммо билан яшашга ўргатиш, уларни тоза ичимлик сув билан таъминлашдир.

Суҳбатни Kun.uz'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Ўткир Жалолхонов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид