Жаҳон | 12:12 / 22.07.2024
4217
3 дақиқада ўқилади

Берлин: Байденнинг сайловдан воз кечиши - «бурилиш нуқтаси»

5 ноябр куни бўлиб ўтадиган АҚШ сайловларида ким ғалаба қозонишидан қатъи назар, Германия «ҳар иккала сиёсий лагер билан яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этади», деди Германия ҳукуматидаги трансатлантик алоқалар координатори Михаэл Линк.

Фото: Andrew Harnik / Getty Images

Германия ҳукуматидаги трансатлантик алоқалар координатори Михаэл Линк АҚШ президенти Жо Байденнинг иккинчи муддатга сайланишдан бош тортишини Германия ва Европа учун «чуқур бурилиш нуқтаси» деб атади. «Эҳтимол, ҳеч қачон ўз меҳр-муҳаббати туфайли Европа Иттифоқи ва бутун «кўҳна» қитъа институтларига бу қадар жиддий ёндашган АҚШ президенти бўлмагандир», деди Линк 22 июл, душанба куни Tagesspiegel газетасида чоп этилган интервюсида. Байден «яқин ҳамкор» эди, «у муддатининг қолган қисмида ҳам шундай бўлиб қолади», деди Линк. 

Берлиннинг АҚШда бўлажак сайловларга тайёргарлиги нуқтайи назаридан, Байден кетиши «ҳозирда ҳеч нарсани ўзгартирмайди», деди трансатлантик координатор. Ҳукумат «кўп ойлар давомида иккала сценарийга ҳам қизғин тайёргарлик кўрди». Демократлардан ким иштирок этиши ва 5 ноябрдаги сайловда ким ғалаба қозонишидан қатъи назар, «биз Германияда АҚШдаги иккала сиёсий лагер билан яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этамиз». 

Айниқса, агар республикачи Доналд Трамп ғалаба қозонса, европаликлар «ҳатто иттифоқчиларини бўлиб ташлашга уринаётган рақиб» билан курашишга мажбур бўлади, деди Линк. Унинг фикрича, АҚШ амалдаги вице-президенти Камала Ҳаррис сайловда ғалаба қозонса, «НАТО, Европа Иттифоқи ва Германия билан чамбарчас боғлиқ бўлади», лекин «ўз устуворликларини аниқлаб олади». 

Жо Байденнинг сайловдан воз кечиши ва Камала Ҳаррис номзоди 

Жо Байден бир неча соат олдин АҚШ президентлиги сайловидан ўз номзодини қайтариб олишини эълон қилган эди. Амалдаги давлат раҳбари бу қарорни Демократик партия ва бутун мамлакат манфаатларини кўзлаб қабул қилганини алоҳида таъкидлади. Байден тез орада халққа мурожаат қилиб, тафсилотларни айтиб беришини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, амалдаги муддатининг қолган қисмида асосий эътиборини президентлик вазифаларини бажаришга қаратади. 

Байден ўз ўрнига Камала Ҳаррисни таклиф қилиб, уни «тўлиқ қўллаб-қувватлашини» билдирди. «Демократлар - бирлашиш ва Трампни енгиш вақти келди. Келинг, буни қилайлик!» - деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.

Кейинчалик амалдаги вице-президент Камала Ҳаррис АҚШ президентлигига номзодини қўйишни режалаштираётганини маълум қилди. Америка ОАВ унинг сўзларидан иқтибос келтирди: «Президентнинг тасдиғини олиш мен учун катта шараф ва мен бу номзодликни қўлга киритиш ва ғалаба қозониш ниятидаман». Ҳаррис республикачи Доналд Трампни мағлуб этиш учун «Демократик партия ва халқни бирлаштириш» мақсадида «ҳамма нарсани қилишини» қўшимча қилди.

Мавзуга оид