Жаҳон | 08:42 / 22.07.2024
3408
5 дақиқада ўқилади

Зеленский Байденга Украинани қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди

АҚШ президенти кўплаб «кучли қарорлар» қабул қилди, деди Володимир Зеленский ва Жо Байденга Украинани қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

Фото: Украина президенти офиси

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакати АҚШ президенти Жо Байденга унинг озодлик учун курашини «доимий қўллаб-қувватлагани» учун миннатдор эканини айтди. Бу ҳақда у 22 июл, душанбага ўтар кечаси Х ижтимоий тармоғидаги аккаунтида ёзган.

«Сўнгги йилларда кўплаб кучли қарорлар қабул қилинди, улар президент Байден томонидан оғир вақтларга жавобан қатъий қадамлар сифатида эсда қолади», деди Украина давлат раҳбари. Унинг қўшимча қилишича, Байденнинг президентлик пойгасидан чиқиш ҳақидаги «бугунги кунда қийин, аммо кучли қарорини» ҳурмат қилади. Зеленский қўшимча қилишича, Оқ уй раҳбари «мамлакат босиб олинишига йўл қўймасликка ёрдам берган ва бу даҳшатли уруш давомида бизни қўллаб-қувватлашда давом этган». 

Европа сиёсатчилари Жо Байденнинг қарорини изоҳламоқда

«Мен президент Байденнинг қарорини ҳурмат қиламан ва унинг президентлиги қолган даврида биргаликдаги ишимизни сабрсизлик билан кутаман», деб ёзди яқинда тайинланган Британия бош вазири Кир Стармер. Унинг қўшимча қилишича, Жо Байден «ўзининг ажойиб фаолияти давомида бўлгани каби» ўз қарорини «Америка халқи учун энг яхши деб ҳисоблаган жиҳатга асосланиб» қабул қилган. 

Стармернинг бош вазир лавозимидаги ўтмишдошларидан бири Борис Жонсон ҳам Оқ уй раҳбари қарорини қўллаб-қувватлади: «Мен Жо Байденга унинг қароридаги жасорати, шунингдек, президентлик фаолияти давомида қилган барча ишлари учун миннатдорчилик билдираман. У Британиянинг дўсти эди ва у билан ишлаш катта шараф бўлди», деб ёзади Жонсон.

Чехия бош вазири Петр Фиала Байденнинг қарорини «масъулиятли ва қийин қадам» деб атади. «Икки кучли ва тенг ҳуқуқли номзодлар ўртасидаги демократик рақобат Америка Қўшма Штатлари учун яхши президент тақдим этишига умид қиламан», — деди у.

Полша бош вазири Доналд Тускнинг айтишича, Қўшма Штатлар президенти «Полша, Америка ва дунёни хавфсизроқ ва демократияни кучлироқ қилган кўплаб қийин қарорларни тақдим этди». Туск Америка етакчиси сайловларда иштирок этишдан бош тортишга қарор қилишда «худди шу мақсадлар»га амал қилганига ишонч билдирди. 

Испания бош вазири Педро Санчес Жо Байденнинг қарорини «жасур ва муносиб» деб атади. «Унинг қатъияти ва етакчилиги туфайли Қўшма Штатлар пандемия ва Капитолийга жиддий ҳужум ортидан иқтисодий инқирозни енгиб чиқди, Россия тажовузи қаршисида Украинага намунали ёрдам кўрсатди. Буюк президентнинг ажойиб ҳаракати, у ҳамиша демократия ва эркинлик учун курашган», деб ёзди Санчес. 

«Сиёсат ҳеч қачон бунчалик қизиқ бўлмаган», деб ёзади Латвия президенти Эдгарс Ринкевичс ўзининг Х аккаунтида. Британия парламентининг ўнг Reform UK партияси аъзоси Найжел Фараж ҳам лўнда гапирди: «Мен бу 2023 йилнинг сентябрида содир бўлишини башорат қилгандим. Улар кимни танласа ҳам, ноябрда Трамп ғалаба қозонади», деди у. 

Жо Байденнинг сайловдан воз кечиши ва Камала Ҳаррис номзоди

Жо Байден бир неча соат олдин АҚШ президентлиги сайловидан ўз номзодини қайтариб олишини эълон қилган эди. Амалдаги давлат раҳбари бу қарорни Демократик партия ва бутун мамлакат манфаатларини кўзлаб қабул қилганини алоҳида таъкидлади. Байден тез орада халққа мурожаат қилиб, тафсилотларни айтиб беришини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, амалдаги муддатининг қолган қисмида асосий эътиборини президентлик вазифаларини бажаришга қаратади. 

Байден ўз ўрнига Камала Ҳаррисни таклиф қилиб, уни «тўлиқ қўллаб-қувватлашини» билдирди. «Демократлар - бирлашиш ва Трампни енгиш вақти келди. Келинг, буни қилайлик!» - деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.

Кейинчалик амалдаги вице-президент Камала Ҳаррис АҚШ президентлигига номзодини қўйишни режалаштираётганини маълум қилди. 21 июл, якшанба куни Америка ОАВ унинг сўзларидан иқтибос келтирди: «Президентнинг тасдиғини олиш мен учун катта шараф ва мен бу номзодликни қўлга киритиш ва ғалаба қозониш ниятидаман». Ҳаррис республикачи Доналд Трампни мағлуб этиш учун «Демократик партия ва халқни бирлаштириш» мақсадида «ҳамма нарсани қилишини» қўшимча қилди.

Мавзуга оид