Жаҳон | 21:31 / 23.07.2024
7945
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон пойтахтига автомобилда кириш пуллик бўлиши мумкин

Ҳудудларда ва хорижий давлатларда рўйхатдан ўтган автомобиллар шаҳарга кириш учун пул тўлайди, шаҳар аҳолисининг транспорт воситасига йиғим жорий қилинмайди.

Фото: AKIpress

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳри маъмурияти автотранспорт воситаларининг кириши учун йиғим жорий этишни таклиф қилувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.

Қарор лойиҳаси маъқулланса, шаҳар маъмурияти томонидан йўлларда йиғим қабул қилувчи пунктлар ташкил этилади ёки автоматлаштирилган тўлов тизимлари ўрнатилади. 1 минг қирғиз сўми миқдорида аванс тўлаган ҳайдовчиларга 30 фоизлик чегирма берилади.

Шаҳар аҳолисининг транспорт воситасига йиғим жорий қилинмайди.

Ҳудудларда ва хорижий давлатларда рўйхатдан ўтган автомобиллар қуйидаги ҳолларда йиғим тўлашдан озод этилиши мумкин:

- табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш учун мўлжалланган юкларни ташиш;

- хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига, халқаро ташкилотларга ва уларнинг филиалларига тегишли бўлиши;

- техник ёки ёнғинга қарши хизматларга, тез ёрдамга ва бошқаларга тегишли;

- давлат органларига тегишли.

Лойиҳада Бишкек шаҳри йўлларига кирмасдан умумий фойдаланишдаги йўлларда ҳаракатланаётганда йиғим олинмаслиги айтилган.

Шаҳарда рўйхатдан ўтган, лекин норезидент давлат рақами бўлган автомашиналарига эга бўлган шахсларга автомобилларини қайта рўйхатдан ўтказиш учун 10 календар кун муддат берилади.

Мавзуга оид