Ўзбекистон | 09:42 / 25.07.2024
3093
2 дақиқада ўқилади

Ноқонуний овчилик билан шуғулланган қарийб 300 киши жаримага тортилди

Олти ойда ов қилиш қоидаларини бузган 298 нафар шахсга нисбатан жами 957 млн сўмлик жарима белгиланди. 

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Ҳудудларда ўтказилган рейд тадбирларида ноқонуний ов билан шуғулланиш ҳолатлари аниқланди, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Назорат тадбирларида Овчи ва балиқчилар спорт бирлашмасининг Андижон, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари бўлинмалари ов йўлланмаларининг тўлиқ қайтарилишини назоратга олмагани маълум бўлган. Хусусан, овчилар томонидан 2020−2022 йиллар давомида жами 9690 та ов йўлланмалари қонунга зид равишда фойдаланилганидан сўнг қайтарилмаган.

Бунинг оқибатида ов йўлланмаларидан такрорий фойдаланиш ҳамда ноқонуний ов қилишга шароит яратиб берилган.

Фуқаролардан келиб тушган кўп сонли мурожаатлар асосида Сирдарё вилояти ов хўжалигининг ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартномаси амал қилиш муддати 2022 йил 31 декабрда тугаган бўлса-да, хўжалик томонидан 2023 йил давомида 25 минг бош ҳайвонларни овлаш учун ноқонуний йўлланмалар сотилган.

«Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддаси талабларига зид равишда 20 та ҳолатда мазкур хўжалик томонидан сотилган рухсатнома асосида овчилар томонидан тақиқланган муддатларда 49 та ёввойи қуш овланган.

2023 йилдаги назорат тадбирларида республика бўйича ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жами 997 та ҳолат аниқланган ва 995 нафар шахсга нисбатан 1,7 млрд сўмлик чоралар кўрилган.

2024 йилнинг I ва II чоракларида ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиш билан боғлиқ 287 та ҳолатда 298 нафар шахсга нисбатан 957 млн сўмлик жарима белгиланган.

Қонун бузилиши ҳолатлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга материаллар тақдим этилган бўлиб, бугунги кунда ҳуқуқий баҳо берилмоқда.

Мавзуга оид