Ўзбекистон | 09:50 / 27.07.2024
1446
2 дақиқада ўқилади
Республика руҳий саломатлик марказининг вазифалари белгиланди
Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистонда ихтисослаштирилган психиатрия ва наркология хизматини кўрсатишнинг ягона ташкилий-услубий вертикал бошқарув тизимини жорий этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг қуйидаги асосий вазифалари белгиланди:
- психиатрия ёрдами хизматларини бирламчи тиббий ёрдам муассасаларига интеграция қилиш орқали руҳий касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш;
- бирламчи бўғин тиббиёт муассасаси шифокорларининг руҳий касалларни клиник баҳолаш, даволаш ва кузатиш бўйича кўникма ва билимларини ошириш;
- аҳоли, айниқса болалар ва ўсмирларнинг руҳий саломатлигини мустаҳкамлаш;
- тиббиёт ходимларининг касбий даражасини ошириш ва такомиллаштириш, шу жумладан мутахассисларнинг касалликларига ташхис қўйиш ва уларни даволашнинг замонавий усуллари соҳасида етакчи хорижий тиббиёт ўқув юртлари ва клиникаларида стажировкаларини ташкил этиш;
- касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашнинг илғор усуллари ва технологияларини ишлаб чиқишга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек уларни тиббиёт амалиётига жорий этиш;
- етакчи хорижий тиббиёт муассасалари билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш.
Марказ соғлиқни сақлашнинг барча даражаларида руҳий саломатликни таъминлаш йўналишидаги ишларни мувофиқлаштиради ва назорат қилади.
Ҳужжат билан амалдаги психиатрия ва наркология хизматларини ҳудудий филиалларга қайта ташкил этилишини ҳисобга олган ҳолда Марказнинг ташкилий тузилмаси тасдиқланди.