Спорт | 16:09 / 31.07.2024
25914
4 дақиқада ўқилади

Бобонов ва Матниёзова ютқазди, эркак боксчилар йўқотишсиз давом этмоқда

Токио олимпиадаси совриндори Давлатбек Бобоновдан бу сафар ҳам медал кутилаётганди.

Фото: Анвар Ильясов / Миллий олимпия қўмитаси

31 июл, Париж Олимпиадасининг бешинчи кунида Ўзбекистон делегацияси дзюдо, бокс, камондан отиш ва академик эшкак эшиш бўйича баҳсларда қатнашишди.

Дзюдо бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзоси Гулноза Матниязова ўзининг учинчи Олимпиадасини ғалаба билан бошлади.

-70 кг вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик спортчи илк босқичда КХДР вакили Сонг Мунни доғда қолдириб, иккинчи даврага йўл олди.

Аммо чоракфиналда Матниязова япониялик кучли рақиб Саки Низоега ютқазиб, турнирдаги иштирокини тўхтатди.

Эркаклар жамоаси вакили, медал кутилган Давлатбек Бобонов ҳам муваффақиятсизликка учради.

-90 кг вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик дзюдочи БАА номидан қатнашган Арам Григорянга қарши баҳс олиб борди ва мағлубиятга учраб мусобақани тарк этди.

Давлатбек Бобонов Осиё ва Жаҳон чемпионати совриндори ҳисобланади. Токиода бўлиб ўтган Олимпиадада бронза медалини қўлга киритган. 

-57 кг бўлган вазн тоифасида жанг қилувчи Ўзбекистон Олимпиадаси байроқдори Абдумалик Ҳалоков Швеция вакили Небил Ибраҳимга қарши жанг қилди. 

Небил Ибраҳим Европа чемпионати совриндори ҳисобланади. 

Уч раунд давом этган баҳсда 24 ёшли ўзбек спортчиси ғалаба қозонди ва кейинги босқичга йўл олди. Ҳакамлар барча раундларда ўзбек спортчисининг ғалабасини эътироф этди — 5:0.

Ҳалоков энди 3 август куни чоракфинал доирасида рингга чиқади.

Маълумот учун, бунгача Ўзбекистон эркаклар бокс жамоаси вакилларидан Лазизбек Мулложонов (-92 кг), Русланбек Абдуллаев (-66 кг), Баҳодир Жалолов (+92), Ҳасанбой Дўсматов (-51 кг) ҳамда Тўрабек Ҳабибуллаев (-80 кг) биринчи жангларида ғалаба қозониб, кейинги босқичга ўтганди.

Аёллар жамоасидан эса Ситора Турдибекова (-57 кг) биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган, Нигина Ўктамова (-54 кг) илк жангда ютқазиб, турнирдаги иштирокини якунлаган.

Кун давомида Ўзбекистон эркаклар жамоасининг -71 кг вазн тоифасидаги вакили Асадхўжа Мўйдинхўжаев ҳам баҳсларга қўшилади.

Академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзолари Шаҳзод Нурматов ва Собир Сафаралиев жуфтлиги иштирокини якунлади.

Енгил вазн тоифасидаги спортчилар ўртасидаги беллашувларда қатнашган ўзбекистонлик спортчилар C финалида иштирок этиб, 6:31.33 дақиқа кўрсатди ва 3-бўлиб маррага етиб келди.

Ушбу натижа билан спортчилар Олимпиадани 15-поғонада якунлайдиган бўлди.

Бугунги баҳсларда Ўзбекистондан икки камончи - Амирхон Содиқов ва Зиёдахон Абдусатторова ҳам қатнашди.

Амирхон Содиқов плей-офф босқичининг илк даврасида аргентиналик Дамиан Жарабилла билан беллашди ва 6:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Аммо у  2-даврада Лондон Олимпиадаси ғолиби италиялик Мауро Несполига 4:6 ҳисобида имкониятни бой берди ва Олимпия ўйинларида яккалик дастуридаги иштирокини якунлади.

Зиёдахон Абдусатторова эса плей-офф босқичида дастлабки баҳсидаёқ муваффақиятсизликка учради.

Чехиялик Марие Хорачкова билан беллашган Зиёдахон 2:6 ҳисобида имкониятни бой берди ва яккалик дастуридаги иштирокини шу нуқтада якунлади.

Энди ушбу камончилар аралаш жуфтлик дастурида ўз имкониятини синаб кўради.

Мавзуга оид