Жаҳон | 20:11 / 02.08.2024
8571
3 дақиқада ўқилади

Медведев Молдовага «Украина тақдири билан» таҳдид қилди

Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари, собиқ президент шу орқали молдовалик спикернинг чақириғига жавоб қайтарди.

Фото: РИА Новости

Молдова ҳукумати 1940 йилларда юз берган очарчилик борасидаги айбловни Совет Иттифоқи зиммасига юкласа, республикани Украина тақдири кутиши мумкин. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари, собиқ президент Дмитрий Медведев маълум қилди. У бу орқали Молдова парламенти спикери Игор Гросунинг мамлакатда урушдан кейин юз берган очарчиликни геноцид дея тан олишга чақирган сўзларига изоҳ берди.

«Украинада 2006 йилда ‘очарлик эртаклари’ни тегишли қонун кўринишида шакллантириш йўли 2014 йилда биринчи нацистлар батальони, кейинроқ эса ‘Азовʼ полки ва бригадасини тузишга 10 йилдан камроқ муддатни талаб этди», — деб ёзади Медведев «ВКонтакте»даги саҳифасига.

Унинг сўзларига кўра, бу «мамлакатни фашистлаштириш ва жамиятда нафрат муҳитини яратиш занжирининг бир ҳалқаси». «Барчаси тарих билан ўйнашишдан. Охир-оқибат янги уруш домида қолмаслик учун у билан ўйламасдан ўйнашиш керак эмас. Ёки Молдова ростдан ҳам Украина тақдирига шерик бўлмоқчими?» — дейди Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари.

Ўтган йилнинг охирларида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарб Россияга қарши гибрид урушга Украинадан кейин Молдовани «навбатдаги қурбон» сифатида тайёрлаётганини маълум қилганди. Шу билан бирга Лавров Молдова «қурбонлар» рўйхатида охирги эмаслигига шама қилган. «Ҳозирда ғарб вакиллари, фондлари ва нодавлат ташкилотлари фаоллашган ҳар бир давлат мулоҳаза қилиб кўриши керак», — деганди у. ТИВ раҳбари Украинада «Россияга қарши уруш майдонини» яратиш учун 2014 йилда давлат тўнтариши ва Донбассда саккиз йил жанговар ҳаракатларни амалга ошириш талаб этилганини эслатиб ўтган.

Молдова ҳукумати бўлса, аввалроқ, Москвани мамлакатда давлат тўнтаришини амалга ошириш нияти борлигида айблаганди. Республика президенти Майя Санду Россия Украинага «Молдовага қадар ерусти ҳарбий коридорини яратиш, бу орқали конституциявий тузумни зўравонлик билан алмаштириш ва давлатчиликни йўқ қилиш» ниятида бостириб кирганини таъкидлаган.

Мавзуга оид