Жаҳон | 08:40 / 02.08.2024
3154
3 дақиқада ўқилади

Украина ташқи қарзлар бўйича тўловларни вақтинча тўхтатди

Президент Зеленский бундай тўловларни 1 октябргача тўхтатиб туриш имконини берувчи тегишли қонунни имзолади. Гап умумий қиймати қарийб 20 миллиард долларга тенг ташқи давлат қарзини реструктуризация қилиш ҳақида бормоқда.

Фото: Reuters

Украина 1 август, пайшанбадан ташқи қарзлар бўйича тўловларни вақтинча тўхтатди, деб хабар бермоқда Reuters. Бир кун аввал мамлакат президенти Володимир Зеленский бундай тўловларни 2024 йил 1 октябргача тўхтатиб туриш имконини берувчи тегишли қонунни имзолаган эди. Қарзлар бўйича биринчи тўлов ҳам 1 августда тўланиши керак эди.

Олий рада бюджет қўмитаси раҳбари Роксолана Пидласнинг сўзларига кўра, президент томонидан имзоланган қонун лойиҳаси «реструктуризациянинг муҳим элементи бўлиб, 2027 йил охиригача суверен евробондларга хизмат кўрсатиш ва тўлаш учун тўловлардан 10 миллиард доллардан ортиқ маблағни тежаш имконини беради». Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) «мунтазам равишда ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган». 

Июл охирида Украина кредиторлар билан қарзни қайта тузиш бўйича келишиб олди 

22 июл, душанба куни Украина бош вазири Денис Шмихал мамлакат Украинанинг еврооблигациялар эгалари қўмитаси билан ташқи қарз бир қисмини реструктуризация қилиш бўйича «принципиал келишувларга» эришганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу қадам мамлакатга уни сақлаш учун уч йил давомида 11,4 миллиард АҚШ долларини, 2033 йилгача эса 22,75 миллиард долларни тежаш имконини беради. Бўшатилган ресурслар, хусусан, мудофаа, ижтимоий ҳимоя ва Украинани қайта тиклашга йўналтирилади, деди Шмихал. 

Мамлакат Молия вазирлиги аниқлик киритишича, реструктуризация 23,4 миллиард долларлик давлат облигацияларига тегишли. У якунлангач, еврооблигацияларнинг тўлов муддати узайтирилади: 1,172 миллиард доллар миқдоридаги биринчи тўлов 2029 йилда амалга оширилади. Вазирлик таъкидлашича, қайта тузишсиз 9,381 миллиард долларлик қарзнинг асосий суммаси 2024 ва 2029 йиллар оралиғида тўланиши керак эди. 

Bloomberg маълумотларига кўра, Украина евробондлари эгалари қўмитасига биргаликда қимматли қоғозларнинг тахминан 25 фоизига эгалик қиладиган инвесторлар киради. Улар 8,67 миллиард долларлик даъволаридан воз кечишди. Барча евробонд эгаларининг камида учдан икки қисми битимни тасдиқлаши керак. 

Қарзнинг умумий миқдори қанча?

Россиянинг кенг миқёсли ҳужуми бошланганидан бери Украина давлат қарзи кескин ошди. Агар 2022 йил бошига келиб у 98 миллиард долларга (91,5 миллиард евро) баҳоланган бўлса, 2023 йил охирида деярли 141 миллиард долларгача ўсди. ХВЖ ҳисоб-китобларига кўра, жорий йил охирига бориб Украина давлат қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 100 фоизидан ошиши мумкин, деб ёзади РБК. 

Мавзуга оид