Жаҳон | 21:10 / 03.08.2024
6025
3 дақиқада ўқилади

АҚШ фонд бозорлари иш ўринлари камайиши туфайли қуламоқда

Фото: Reuters

АҚШда иш ўринларининг заиф ўсиши дунёдаги энг йирик иқтисодиётнинг тўсатдан қулаш хавфини кучайтиргани боис 2 август куни фонд бозорларида оммавий сотувлар юз берди.

Технологик акциялари устунлик қиладиган Nasdaq индекси Intel ва Amazon компаниялари ўз натижаларидан кўнгли тўлмаганини маълум қилгандан кейин 2,4 фоиздан ортиққа тушиб кетди. Расмий маълумотларда келтирилишича, июль ойида иш берувчилар 114 мингта иш ўрни яратган — бу кутилган кўрсаткичлардан анча паст. Мамлакатда эса сўнгги уч йилда ишсизлик энг юқори даражага чиққан.

Ушбу маълумотлар АҚШ Федерал захира тизими фоиз ставкаларини қачон ва қанчага пасайтириши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларни юзага келтирди. Фонд бозорлари шундоқ ҳам заёмлар бўйича харажатлар кўплигидан ташвишда эди, шу билан бирга, сунъий интеллект сабаб юзага келган оптимизм туфайли акциялар нархининг давомли ўсиши тўхтаб қолиши мумкин.

Nasdaq’нинг 2 август кунги қулаши индекснинг охирги «чўққиси» билан таққослаганда тахминан 10 фоизга камайишига олиб келди — «тузатиш» номини олган қулаш бундан бир неча ҳафта олдин содир бўлганди.

Шунингдек, Dow Jones Industrial Average индекси 1,5 фоизга, S&P 500 индекси эса Осиё ва Европа бозорларидаги қулашдан кейин 1,8 фоизга тушиб кетди. Японияда Nikkei 225 индекси қарийб 6 фоизга қулади.

Аввалроқ Федерал захира тизими фоиз ставкасини яна олдинги даражада сақлаб қолган эди, бироқ сентябрда бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилишда ставкалари пасайтирилиши мумкинлигига шама қилган.

Principal Asset Management компаниясининг бош стратеги Сима Шах бандликка оид охирги маълумотлар «Федерал захира тизими жуда узоқ кутмадими?», деган саволни юзага келтирганини маълум қилди. «Иш ўринлари барқарор иқтисодиётга мос дея ҳисобланган 150 минглик маррадан тушиб кетди», — дейди у.

АҚШ Меҳнат вазирлигинин ҳисоботида келтирилишича, мамлакатда ишсизлик даражаси 4,3 фоизга қадар кўтарилган — бу 2021 йилдан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткич.

Amazon охирги чоракда савдолар 10 фоизга ошганини маълум қилганига қарамай, 2 август куни электрон тижорат гигантининг савдолари 10 фоиздан ортиққа тушиб кетди. Компания АҚШ иқтисодиётидаги ҳар қандай қулашдан жиддий зарар кўради.

Мавзуга оид