Жаҳон | 18:50 / 05.08.2024
2049
2 дақиқада ўқилади

Флорида соҳилларига «Дебби» тўфони ёпирилди

Тўфоннинг секинлик билан кучайиб бориши рекорд даражадаги ёғингарчиликни, оқибатда эса АҚШ жануби-шарқида сув тошқинларини юзага келтириши мумкин.

Фото: Reuters

Мексика кўрфазининг Флорида билан чегарадош ҳудудларига ҳалокатли сув тошқинини юзага келтириши мумкин бўлгн «Дебби» тўфони ёпирилди. Тўфонларни кузатиш миллий маркази маълумотларига кўра, 4 август куни кечаси тўфон даражаси биринчи тоифага қадар кучайган ва 5 август тонгида Стейнхатчи ҳудудига етиб келган.

Прогнозларга кўра, тўфон секин-асталик билан штат бўйлаб ҳаракатланади, шамол тезлиги соатига 80 милни (128 километр), шимол томонда эса ёғингарчилик 30 дюймни (76 сантиметр) ташкил этмоқда. Ҳисоб бўйича мавсумнинг тўртинчи тўфони Жоржия ва Жанубий Каролинани ҳам сув остида қолдиради.

Тўфонларни кузатиш миллий маркази директори ўринбосари Жейми Роумининг сўзларига таъкидлашича, тўфоннинг секинлик билан кучайиб бориши рекорд даражадаги ёғингарчиликни юзага келтиради.

Ҳозирда тўфоннинг кучли шамоллари Флорида аҳолисига таъсир кўрсатмоқда: PowerOutage маълумотларига кўра, шаҳарда 204 мингга яқин хонадон ва корхоналар электр энергиясисиз қолган. «Дебби» Флоридани кесиб ўтиш пайтида кескин секинлашади, чунки уни йўналтираётган шамол оқими атмосферада деярли йўқолиб кетади. Натижада тўфон тропик шамол кўринишида Атлантика узра айланиб юради.

Кучли ёғингарчилик туфайли қатор ҳудудларда сув тошқинлари юзага келиши мумкинлиги айтилмоқда. Тўфон яқинлашиши арафасида Флорида губернатори Рон Десантис штатдаги 67 та округдан 61 тасида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Шунингдек, у бошқа штатлардаги коммунал хизматлар бригадалари ҳам тўфондан кейин электр энергиясини қайта тиклашга ёрдам беришга тайёрлигини айтди.

Океан ва атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармаси прогнозларида келтирилишича, 2024 йил давомида 25 тагача кучли шамол кузатилиши мумкин. Уларнинг 13 тасида эса тўфонга айланиш хавфи мавжуд. Тахминларга кўра, иқлим ўзгариши шу каби секин ҳаракатланадиган тўфонларнинг пайдо бўлиш эҳмолини оширмоқда.

Мавзуга оид