Жаҳон | 09:10 / 06.08.2024
6043
4 дақиқада ўқилади

Ҳиросима ва Нагасакига атом бомбаси ташланганига 79 йил тўлди

Иккинчи жаҳон урушининг сўнгги кунларида АҚШ армияси тарихда илк бор атом бомбаларини ташлаган эди.

Фото: Getty Images

Ҳиросима ва Нагасакига атом бомбаси ташланганига 79 йил тўлди. АҚШ 1945 йил 6 август ва 9 август кунлари Япониянинг ушбу шаҳарларига атом бомбаларини ташлаган. 

Бомбардимон АҚШ Қуролли кучлари томонидан Иккинчи жаҳон урушининг сўнгги босқичларида амалга оширилган.

1945 йил 6 августда, тахминан соат 08:15 да Америка ҳаво кучларининг В-29 самолёти ўша пайтда 255 минг киши бўлган Ҳиросимага Little Boy («Кичкинтой») бомбасини ташлади.

Портлашнинг қайд этилган кучи 13 килотонна, тўлиқ йўқ қилиш радиуси 1,5 километрни ташкил этди. Уранли бўлган бомба Ҳиросиманинг 70 фоизини вайрон қилган. 90 минг уйнинг 62 мингдан ортиғи йўқ бўлиб кетган.

Ядро портлашининг бевосита таъсиридан 80 минг киши ҳалок бўлди ва 1945 йил охирига келиб қурбонларнинг умумий сони 200 минг кишини ташкил этди. Зилзила ўчоғида ҳаво ҳарорати тахминан 3 минг даражага етган.

Шаҳарга ёрдам кўрсатиш учун келганлар ҳам радиоактив ёмғир таъсиридан вафот этган.

Ҳиросимага атом ҳужумидан кейин Қўшма Штатлар атом бомбасини ишлатган биринчи давлат сифатида тарихга кирди.

Уч кундан кейин, соат 11:02 да Нагасаки шаҳрига 500 метр баландликдан 21 минг тонна тротилга тенг бўлган Fat Man («Бақалоқ») атом бомбаси ташланди.

240 минг аҳолига эга Нагасакидаги портлаш 74 мингга яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлди. Уйларнинг 36 фоизи бутунлай вайронага айланган.

Ядровий зарбалар натижасида ҳалок бўлганларнинг умумий сони Япония ҳукумати томонидан 500 минг кишига баҳоланмоқда.

Японияликлар иккала ядровий портлашдан омон қолган қурбонларни «ҳибакуша» деб аташади.

Кейинги йилларда омон қолганларнинг кўпчилиги лейкемия, саратон ёки нурланишнинг бошқа ножўя таъсирларига дуч келишди.

Атом бомбаларидан фойдаланиш Иккинчи жаҳон урушининг «бурилиш нуқтаси» ҳисобланади. 1945 йил 15 августда император Хирохито Япониянинг Иккинчи жаҳон урушида иттифоқчилар шартларига кўра сўзсиз таслим бўлганлигини эълон қилди. Иккинчи жаҳон уруши тугашининг расмий санаси - Япония сўзсиз таслим бўлиш тўғрисидаги актни имзолаган 2 сентябр.

Ҳиросима ва Нагасакига ташланган атом бомбалари зарар кўрган ҳудуддаги барча ўсимлик ва табиий ҳаётнинг йўқ қилинишига олиб келди.

Атом портлаши энергияси тахминан 2 квадрат километр майдонда барча биноларни, тирик мавжудотларни ва табиатни ёқиб юборди, атмосферага чиқарилган ядро зарралари таъсирини бугунги кунда минтақа сувларида кўриш мумкин.

Ҳиросимада Тинчлик мемориал боғи ташкил этилган ва унда Ҳиросима қурбонлари ёдгорлиги жойлашган.

Нагасаки Атом бомбаси музейи шаҳарга атом бомбаси ташланиши ҳақида ҳикоя қилади.

Машҳур «Тинчлик ёдгорлиги» ёки «Гэмбаку гумбази» - «Атом гумбази» портлашдан олдин Ҳиросима Савдо-саноат палатасининг биноси эди, 1996 йилда «Генбаку гумбази» ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Тўққизта давлат ядро арсеналига эга: АҚШ, Россия, Англия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Шимолий Корея ва Исроил. Бу ҳақда Стокҳолм халқаро тинчлик тадқиқот институти (SIPRI) 2023 йилги ҳисоботида айтилади. 

Дунёда 12 512 та жанговар каллакларнинг қарийб 90 фоизи АҚШ ва Россия ҳиссасига тўғри келади. 

Мавзуга оид