Жаҳон | 08:30 / 06.08.2024
6228
2 дақиқада ўқилади

Сергей Шойгу Теҳронда Эрон президенти билан учрашди

Хавфсизлик кенгаши котиби Эронни Россия учун «минтақадаги асосий ва стратегик иттифоқчилардан бири» деб атади.

Фото: AP

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгуни қабул қилди ва улар, жумладан, икки томонлама келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Эрон оммавий ахборот воситалари хабар берди.

Ушбу маълумотларга кўра, учрашув чоғида Пизишкиён бундай келишувларни амалга оширишни тезлаштиришга чақирган.

У шунингдек, «Эрон ва Россия ўртасидаги кўп қутбли дунёни илгари суриш бўйича ҳамкорлик, албатта, глобал хавфсизлик ва тинчликни ривожлантиришга олиб келади», деди.

Президент Эрон Москва билан муносабатларни ривожлантиришга «ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири» сифатида қарашини таъкидлади.

Сергей Шойгу, ўз навбатида, Эронни Россия учун «минтақадаги асосий ва стратегик иттифоқчилардан бири» деб атади. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда ривожланиб бораётгани ва истиқболи яхши эканини таъкидлади.

Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Шойгу режалаштирилган амалий сафар билан Эронда. У Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Акбар Аҳмадиён ва Эрон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Муҳаммад Боғирий билан учрашувлар ўтказди.

Мавзуга оид