Жаҳон | 23:27 / 10.08.2024
4537
3 дақиқада ўқилади

АҚШда янги йирик пандалар оммага намойиш этилмоқда

Сан-Диего шаҳридаги ҳайвонот боғи сайтида пандаларни томоша қилишга мўлжалланган экскурсия турлари бутун август учун сотиб бўлинган.

Фото: CNN

АҚШнинг Сан-Диего шаҳридаги ҳайвонот боғида оммага янги йирик пандалар намойиш этилди, деб хабар беради CNN. Ҳайвонот боғи маъмуриятига кўра, Юн Чуан ва Син Бао лақабли пандалар жуфтлиги Қўшма Штатларга охирги 21 йил ичида олиб келинган биринчи йирик пандалар ҳисобланади.

«Янги меҳмонларимиз табиатни муҳофаза қилиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларнинг мустаҳкам рамзига айланади. Ҳамкорларимиз билан биргаликда ушбу ажойиб турнинг истиқболли келажагини таъминлаш йўлида муҳим ютуқларга эришишда давом этамиз», — дейди Zoo Wildlife Alliance ҳайвонот боғи бош директори Пол Барибо.

Таъкидланишича, пандалар жуфтлиги яшайдиган Panda Ridge маскани олдинги волердан тўрт баробарга катта ва тоғ ҳамда қоялар элементларига эга Хитой ландшафтини ўзида мужассам этган. Шунингдек, у ерда осилиб чиқиш учун серсоя дарахт ҳам бор.

Ҳайвонот боғига ташриф буюрувчилар пандаларни уч хил усулда томоша қила олади: ташриф буюриш вақтини кўрсатган ҳолда чипта олиш, навбатга туриш ёки 60 дақиқали тонгги пиёда экскурсияда қатнашиш орқали. Пиёда экскурсия нархи бир киши учун 92 доллардан бошланади. Ҳайвонот боғи сайтида бутун август учун мўъжалланган турлар сотиб бўлинган.

Қайд этилишича, Юн Чуан ва Син Бао 27 июль куни олиб келинганидан бери «иқлимга яхши мослашган». Юн Чуан — салкам 5 ёшда, Чжен Чженнинг Сан-Диего ҳайвонот боғида туғилган тўртинчи боласи. Син Бао — 4 ёшли урғочи панда.

Ёш пандалар Хитой етакчиси Си Жинпингнинг «Америка ва Хитой халқлари ўртасидаги дўстлик элчиси» сифатида Сан-Диегодаги ҳайвонот боғига пандаларни ижарага юбориш ҳақидаги таклифидан кейин жўнатилган. Хитой «панда дипломатияси» доирасида дунёнинг 20 дан ортиқ давлатига ўз пандаларини ижарага бериб келади.

Сан-Диего ҳайвонот боғи Хитой билан йирик пандалар устида биргаликда тадқиқот олиб борган биринчи Америка муассасаси ҳисобланади. 1994 йилдан бери у Сичуан табиатни муҳофаза қилиш маркази билан ҳамкорлик қилиб, турларнинг хулқ-атвори, генетикаси, сунъий кўпайтириш, озиқланиши ва касалликларнинг олдини олиш масалаларини ўрганмоқда.

Мавзуга оид