Ўзбекистон | 20:56 / 12.08.2024
17390
3 дақиқада ўқилади

Андижонда ўқитувчилар мактабдаги қурилиш ишларига жалб қилинди

Ҳолат Асака туманидаги 37-умумтаълим мактабида кузатилган: аёл педагоглар оғир ишларни бажарган, арава етаклаб, қурилиш чиқиндиларини ташиган. Жараёнда ўқитувчилардан бири йиқилиб, жароҳат олгани ва қўли сингани ҳам айтилмоқда. Туман ҳокимлиги буни фаол ижтимоий фойдали меҳнат деб атади.

Фото: Видеодан кадр

Андижон вилоятининг Асака туманидаги 37-умумтаълим мактабида ўқитувчилар оғир қурилиш ишларига жалб қилинди. Аёл ўқитувчилар мактаб ҳудудида арава судраб, оғир юмушларни бажарган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Манбага кўра, ўқитувчилар асосан қурилиш чиқиндиларини ташиш билан шуғулланган. Улар ишга мактаб директорининг топшириғи билан чиққан. Иш жараёнида мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси йиқилиб, қўли синган.

Kun.uz ҳолатга изоҳ олиш мақсадида Асака тумани ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланди. Ҳокимликка кўра, ушбу мактаб “Ташаббусли бюджет”да ғолиб бўлган.

“Асака тумани “Қўнғирот” МФЙда жойлашган 37-умумтаълим мактаби педагогик жамоа ва ота-оналарнинг аҳиллиги, ҳамкорлиги натижасида “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида муваффақиятли иштирок этиб, мактабни таъмирлашга оид маблағларни жалб этишга эришган. Халқимиз ибораси билан айтганда, “Ташаббусли бюджет”да ғолиб бўлиш қанчалар машаққатли эканини англаш учун журналист ёки блогер бўлиш шарт эмас, оддий фуқаро бўлиш ва унда ватанпарварлик ҳисси бўлишининг ўзи кифоя.

Қурувчи ташкилот томонидан мактабни таъмирлаш ишларининг олиб борилиш суръатлари, янги ўқув йилига саноқли кунлар қолгани ва энг муҳими, педагогик жамоанинг, ота-оналарнинг ана шундай бунёдкорлик ишларидан мамнунияти дохил ўлароқ, хусусан, мактаб дераза ва эшик ромларининг янги замонавий ромлар билан алмаштирилиши, мактаб том қисмининг тўлиқ янгиланиши билан моддий-техник шароитлар янада яхшиланмоқда.

Ана шу ишлар манзарасида ҳар бир педагог эртага ўз иш жойининг саранжом-саришта бўлишини, эстетик безатилишини, албатта, хоҳлайди.

Ўз хоҳишларига кўра, мактаб ҳаётига, иккинчи уйимизга, қадрдон масканимизга ўз ҳиссамизни қўшайлик деган ниятда амалга оширилаётган фаол ижтимоий фойдали меҳнатни ҳар қандай киши фақат олқишлайди”, дейилади ҳокимликнинг Kun.uz’га изоҳида.

Ҳокимликнинг қўшимча қилишича, ушбу ишлар давомида бирорта педагогнинг соғлигига путур етмаган ва бошланғич синф ўқитувчисининг қўли синмаган.

Олдинроқ Наманганда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган мактаб директори 17 млн сўм жаримага тортилгани хабар қилинганди. Директор педагогларни муассасага чақиртириб, ўт-ўлан юлишга мажбурлаган.

Мавзуга оид