Жаҳон | 11:48 / 12.08.2024
2443
3 дақиқада ўқилади

Белгород вилоятининг айрим ҳудудларида эвакуация эълон қилинди

Белгород вилояти губернатори Краснояружский тумани чегарасида Украина қўшинларининг фаоллиги тўғрисида маълум қилди ва эвакуация ҳақида маълумот берди.

Фото: AFp

Белгород вилояти ғарбидаги Краснояружский туманида аҳолини эвакуация қилиш бошланди. Бу ҳақда 12 август, душанба куни вилоят губернатори Вячеслав Гладков маълум қилди.

Туман Россиянинг Курск вилояти ва Украинанинг Суми вилояти ўртасида жойлашган.

«Тонг хавотирли бошланди. Душманнинг фаоллиги - Краснояружский тумани чегарасида», деди Гладков. «Биз Краснояружский туманида яшовчи одамларни хавфсизроқ жойларга кўчиришни бошлаймиз», - дея қўшимча қилди у.

Губернаторнинг сўзларига кўра, эвакуация учун транспорт аллақачон жўнатилган. «Ишончим комилки, ҳамма нарса тартибли тарзда содир бўлади», деб таъкидлади Гладков воқеа жойига боришини аниқлаб.

Тумандаги қишлоқлардан бирининг миномётдан ўққа тутилиши

Аввалроқ губернатор Краснояружский тумани Вязовое қишлоғи икки марта миномётдан ҳужумга учрагани, электр узатиш линияси шикастлангани, электр қуввати захира линиялар орқали етказиб берилаётгани ҳақида ёзган эди.

Айни пайтда, Россия Мудофаа вазирлигига яқин бўлган «Рыбарь» Telegram-канали Украина тузилмалари Краснояружский туманидаги Колотиловка назорат-ўтказиш пункти яқинида ҳужум уюштиргани, Белгородни шимолдан узиб қўйишга ҳаракат қилинаётгани ҳақида хабар берди. 

Канал маълумотларига кўра, «душман бир неча оғир техникадан фойдаланган ҳолда ўт очган» ва «кичик ҳужумкор гуруҳларда олдинга силжишга ҳаракат қилган». Россия Ҳаво-космик кучларининг авиацияси ишламоқда, деб ёзади «Рыбарь». Материални чоп этиш вақтида маълумотни тезда текшириш имкони йўқ.

Вилоят ҳудудида АТО режими амал қиляпти

10 август куни Белгород вилоятида аксилтеррор операцияси (АТО) режими жорий этилди.

Шундай қилиб, у жисмоний шахсларнинг ҳужжатларини текшириш ва ҳужжатлар йўқ бўлган тақдирда уларни ички ишлар органларига юборишни ўз ичига олади. Аҳолига маълум ҳудудлар ва объектларга кириш тақиқланиши мумкин. Расмийлар электрон ёзишмаларни ўқиш ва телефон суҳбатларини тинглаш ҳуқуқига эга. Ушбу чора фуқароларни «вақтинчалик кўчириш»ни, шунингдек, транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатини чеклашни назарда тутади. Хавфсизлик хизматига уй-жой ва ер участкаларига тўсиқсиз кириш ҳуқуқи берилади.

Украина Қуролли кучлари 2024 йил 6 августдан буён яқин атрофдаги Курск вилоятида ҳарбий операция ўтказмоқда. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 10 август куни минтақадан 76 мингдан ортиқ одам эвакуация қилингани ҳақида хабар берди. Сўнгги 24 соат ичида вилоятнинг чегарадош ҳудудларидан 8 мингдан ортиқ аҳоли мустақил равишда ва «уюшган колонналар»да чиқиб кетди, деб хабар қилди 11 август куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги. 

Украина хавфсизлик хизматининг юқори мартабали мулозими AFP агентлигига айтишича, операцияда «минглаб» украиналик ҳарбийлар иштирок этяпти. Унинг сўзларига кўра, ҳужумнинг мақсади - Россия кучларини «чўзиш» ва мамлакатни «беқарорлаштириш». 

Мавзуга оид