Жаҳон | 20:01 / 12.08.2024
10233
2 дақиқада ўқилади

Курск областида 28 та аҳоли яшаш манзили украинлар қўлига ўтган

Курск губернатори икки минг киши тақдиридан бехабар, Белгород губернатори эса — қочқинлар тўғрисида «тўлиқ маълумот»га эга эмас.

Фото: Курск области губернатори Алексей Смирновнинг телеграм-канали

Курск области губернатори вазифасини вақтинча бажарувчи Алексей Смирнов РФ президенти Владимир Путин билан йиғилиш чоғида ўз раҳбарлигидаги ҳудудда вазият «мураккаб» эканини айтди, деб хабар беради РИА Новости. Унинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари Курск областида 28 та аҳоли яшаш манзилларини назорат қилмоқда. 

«Курск областига кириб келиш чуқурлиги 12 километрни, кенглик — 40 километрни ташкил этади», — деган Смирнов.

У маҳаллий расмийлар Курск областида Украина қуролли кучлари қўлига ўтган аҳоли яшаш манзилларидаги роппа-роса икки минг кишининг тақдиридан бехабарлигини айтган.

Смирновнинг маълумотига кўра, украин армияси ҳужумлари натижасида Курск областида 12 киши ҳалок бўлиб, 121 киши яраланган, шундан 10 нафари болалар. Ҳозиргача регионнинг чегарага яқин ҳудудларидан 121 минг атрофидаги киши эвакуация қилинган, жами 180 минг кишини эвакуация қилиш кўзда тутилган.

Смирнов фронтнинг аниқ чизиғи йўқлигини яна бир муаммо сифатида келтириб, бу Украина қуролли кучлари бўлинмалари жойлашувини аниқлашни қийинлаштираётганини таъкидлаган. 

Россиянинг Украина билан чегарадош бўлган бошқа бир ҳудуди — Белгород области губернатори Вячеслав Гладков ҳам РФ президентига ҳисобот берди.

«Сўнгги вақтларда бизда фақат Белгородда вазият яхшиланди. Чегара ҳудудлардаги вазият эса кескин ёмонлашган. Ўққа тутиш ва дрон ҳужумлари сезиларли даражада кучайган. Вайронгарчиликлар кўлами кескин ошмоқда.

Икки ярим йил мобайнида 30 мингдан ортиқ уй ва квартиралар шикастланган. Биз 25 мингини тикладик. 

Энг оғир вазият Шебекинода. 2024 йил бошидан буён қарийб 300 киши яраланган, 36 киши ҳалок бўлган. Тўлиқ маълумот йўқ, аммо бизнинг ҳисобларга кўра, 50-70 фоиз аҳолиси Шебекино ҳудудини тарк этган, аҳоли орасида зўриқиш ошиб бормоқда», —  деган у.

Мавзуга оид