Жаҳон | 21:33 / 18.08.2024
10130
9 дақиқада ўқилади

Маҳмуд Аббос Ғазога бормоқчи. Қандай қилиб?

Нетаняҳунинг АҚШ конгрессидаги нутқидан 22 кун ўтиб, Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос ҳам Туркия парламентида чиқиш қилди. Хўш, унинг Ғазога бориш ҳақидаги режаси қанчалик реал?

«Геосиёсат»да Яқин Шарқдаги энг муҳим воқеликлар ҳақида сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Фарҳод Каримов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Маҳмуд Аббоснинг Туркия парламентидаги чиқиши аввалги танқидлардан сўнг рамзий маънодами ёки реал сиёсий вазиятдан келиб чиқиб бу амалга оширилдими?

Фарҳод Каримов: Ҳамас бирин-кетин ўз сиёсий бошлиқларидан айрилмоқда ва дунё сиёсий кучлари якдил қарорга келмоқда. Фаластинга Ғарбга ва Исроилга мўътадил бўлган сиёсий кучларни шакллантириш масаласи кўрилаётганлиги таъкидланмоқда. Агар шундай бўладиган бўлса, Фаластиндаги айрим сиёсий гуруҳлар навбатдаги Фаластинда ким лидер бўлиши учун ўзаро рақобатни бошлаб юборишади. Ҳамаснинг бошлиқлари йўқотилаётганлиги учун ҳам бу майдонга Фатҳ кириб келмоқда. Шу сабабдан отни қамчилаб қолиш мақсадида, Туркия Фаластиндаги истиқболи мавжуд ташкилотни қўллаб-қувватламоқчи. Агар Фаластинда мўътадил вазиятни шакллантириш керак бўлса, Туркия ҳам бундан четда қолмаслик учун ҳаракатни бошлади. Иккинчидан бу ерда рамзий маъно ҳам бор, фақат Исроил эмас, бошқа сиёсий куч бор эканлигини кўрсатиб қўйиш учун Туркия майдонга чиқди. Учинчидан Фаластинда сиёсий кучлар кўп эканлигини ва уларни бирлаштириш масаласи ҳам турганлигини инобатга олиб, кимни қўллаб-қувватлаш кераклиги кўрсатиб қўйилиши кераклиги учун ҳам бу чиқиш ўтказилди. Яъни Ҳамаснинг сиёсий мавқеи тушаётганлигини инобатга олиб агар шундай ҳолат юзага келса, Фаластиндаги бошқа сиёсий кучлар Фатҳ атрофида бирлашиши кераклигига ишора қилинаётгандай.

- Маҳмуд Аббос Ғазога бормоқчи бўлса, бу қандай амалга ошади?

Камолиддин Раббимов: Бугунги кунда Ғазога бориш, Исроил қўяётган шартларни инкор қилиш билан баҳоланади. Маҳмуд Аббос Ғазога бориб, у ерда ўзининг лидерлигини кўрсатмоқчи. Аммо Исроил 2023 йил 7 октябрдан бери на Ҳамас, на Фатҳ билан келишув амалга оширилмайди деган шартни қўйиб келмоқда. Ва Исроил ўзи учун Фатҳнинг рақиби сифатида ўзига энг қулай шахсларни излаяпти, аммо уларни ҳали топгани йўқ. Кимки Фаластин давлатчилигини истаса, бу Исроил учун номақбул куч сифатида баҳоланмоқда. Туркия эса Яқин Шарқдаги вазиятни ўзгартирмоқчи. Туркия бир томондан Американи сиқиб чиқаришни истайди ва Россиянинг мавқеининг пасайишини истайди. Бунда бир неча ҳолатларни мисол келтириш мумкин, Фатҳ раҳбари Туркияга келди, ундан аввал Исмоил Ҳаниянинг ўғиллари таклиф қилинди, Эрдўған уларни қўллаб рамзий дастагни ҳам берди. Кўп йиллардан бери Ироқ билан Туркия ҳарбий-стратегик келишувларни амалга оширмоқда. Қолаверса, Россия орқали Суриядаги Башир араблар ҳам келишувларга интилмоқда ва Туркия билан ҳам келишувлар амалга оширилиши режа қилинмоқда. Бунда минтақадан Американи сиқиб чиқариш ҳаракатлари бошланган. Аммо Туркия ва Исроил ўртасида узоқ йиллардан бери алоқалар мавжуд бўлган, буни тезда узиб юбориш анча мураккаб, аммо Эрдўған ўз ваъдасида туриб ҳозиргача 10 миллиардлик лойиҳалардан воз кечди.

— Исроилнинг асосий мансабдор шахсларини Туркиянинг эҳтимолий кейинги давлат лидерлари сифатида, Истанбул мэрини кўриши сингари хабарлар фонида Эрдўғаннинг ўзининг мотивлари борми ёки умумий Туркиянинг манфаатлари борми?

— Бу борада Миср ва Қатарнинг позицияси ғарбникига яқин бўлгани, Туркия эса уларни қўлламаётгани учун Туркияни бир неча музокараларга таклиф қилишмаяпти. Аммо Туркия бошқача сиёсий ўйин қилган ҳолда Фатҳ сингари ташкилотларни қўллаяптики, агар мустақил Фаластин давлати ташкил этилса ҳам бу Миср ва Қатарнинг манфаатларига мос давлат бўлиши, Туркиянинг манфаатлари инобатга олинмаслиги мумкин. Агар шундай бўладиган бўлса, биз Фатҳ сингари ташкилотни қўллаб чиқамиз деган фикрни илгари сурмоқда. 

Маҳмуд Аббос Исмоил Ҳаниянинг дафн маросимида иштирок этмади, агар у Ғазога борадиган бўлса, Ғазо халқи уни қандай қабул қилади?

Маҳмуд Аббос Ғазога 2006 йилдан бери бормаган, кўпинча Фатҳни ғазоликлар ғарбга яқинлик билан айблашади. 7 октябрдан бери давом этаётган қирғинга Фатҳ ҳеч қандай реакция билдирмай келаётган бўлса, Маҳмуд Аббос у ерга борса, албатта, у ердаги аҳоли бошқарувни ўз қўлига олиш учун Фатҳ бундай ҳаракат қилмоқда деб ўйлайди. Аммо АҚШ ёки Исроил уни бошқарувчи номзод сифатида қабул қилса, чунки шу вақтгача ғарбга яқинлиги, кескин тақиқларни амалга оширмагани учун, Фаластин уни босим орқали навбатдаги номзод сифатида кўриши мумкин.

— Маҳмуд Аббоснинг Ғазога ташрифи Фаластиннинг журъатини намоён қилади ва Исроилнинг бунга реакцияси қандай бўлади?

Камолиддин Раббимов:

Исроил буни иложи борича тўхтатишга ҳаракат қилади. Бу Миср орқали амалга ошадими ёки бошқа йўллар орқалими буниси саволлигича турибди, аммо шу вақтгача бутун Фаластиндаги сиёсий кучларни бўлиб ташлаш ва уларни бир-бирига гижгижлаш кучли бўлди. Исроил учун Хитойда 14 та Фаластиндаги сиёсий гуруҳларнинг бирлашув учрашуви бўлиши фавқулодда ҳолат бўлди. Шу сабабдан ҳам Исроил Исмоил Ҳанияни йўқ қилишга, музокараларни ортга суришга муваффақ бўлди. Бу ерда Исроилнинг асосий мақсади ўзига бўйсунган Фаластин давлатини ташкил қилиш эмас, умуман Фаластин давлати ташкил қилинишининг олдини олиш аслида. Чунки Исроилнинг узоқ муддатли стратегияси Фаластин ҳудудларини тўлиқ ўзлаштириб олиш. Аммо бунга дунёҳамжамияти имкон беришни хоҳламайди. Буни Туркия мисолида кўриш мумкин.

— Маҳмуд Аббоснинг шахсиятига эътибор берадиган бўлсак, унинг раҳбарлик муддати тугаганми?

Фарҳод Каримов: Маҳмуд Аббоснинг ёши ва расман раҳбарлик муддати тугаганлигидан келиб чиқадиган бўлсак, Маҳмуд Аббос томонидан ҳам, Фатҳ томонидан ҳам бизда ўринбосарлар етарлича даражада фақат ҳуқуқий жиҳатдан бизга шу мақсадларни яратиб бериш масаласи турибди дейилган. Агар Фатҳ томонидан бошқа етакчилар таклиф этиладиган бўлса ҳам бу мўътадил етакчи бўлиши кераклиги айтилган. Аммо Фатҳда ҳам ўзига хос кайфият бор, чунки бутун Фаластин жамиятининг фикридан воз кечиб, Исроилнинг буйруқларини бажарувчи ташкилотга айланса, бу унинг обрўйига путур етказиши мумкин. Аммо бугунги кунда Фатҳни қўллаб турган давлатлар ҳам бор.  

- Агар Маҳмуд Аббос Ғазога борса, бу Фаластин ва Исроил урушига таъсир кўрсатадими?

Камолиддин Раббимов:

Бу ташриф қандайдир туб бурилиш ясашининг эҳтимоли кам. Чунки Маҳмуд Аббос ёки унинг администрациянинг имкониятлари ниҳоятда чекланган. Аксинча Исроил бу ерда кутилмаган чораларни қўллаши мумкин. 2003-2005 йилларда Ёсир Арофатга нисбатан ҳаттоки ўқ отиш ҳолатлари ҳам бўлган эди. Бу масалани Маҳмуд Аббос ва унинг атрофидагилар жуда яхши билишади. Исроил бундай муносабатларни жуда кўп қилган. Аммо ўша ҳудудга бориб, икки давлатнинг якдил сиёсий тизимини яратишга ҳаракатлар бўлиши мумкин. Лекин Исроил бунга жуда кўп тўсиқлар қўяди. Бу ерда тўсиқларни ёриб ўтишга қанчалик Фатҳнинг иродаси етар экан, қайси давлатлар уларни қўллайди экан деган саволлар ҳам бор. Чунки Нетаняҳу Американинг манфаатларини тўлиқ ўйлаб иш тутмайдиган ҳолатлар ҳам кўп бўлди. Аммо Америка Исроилни ҳам, бошқа араб давлатларини ҳам қўллашни хоҳлайди. Исроилга эса мўътадил ҳолат эмас, тезроқ ўзининг узоқ муддатли лойиҳаларини амалга оширишни хоҳлайди. Маҳмуд Аббоснинг Ғазога ташрифи амалга ошса ҳам вазиятнинг cардинал ўзгаришига ишониш қийин. 

— Маҳмуд Аббос сўзлаган нутқидаги ваъдаларга қанчалик ишониш мумкин? Бу реал амалга ошадими?

Фарҳод Каримов: Маҳмуд Аббос Фатҳнинг йўқолиб бораётган мавқеини тиклаш учун турли ваъдаларни бермоқда, аммо унинг ресурслари анча чекланган. «Ҳизбуллоҳ»дай ташкилот бунда бирор тайинли натижага эриша олмади, Фатҳнинг бу уринишлари бироз ишончсиз. Мана шундай ҳолатда Фатҳ раҳбари Россия, Туркиянинг жараёнга муносабатини билиш учун ҳаракат қилди ва Туркияга борди. Бунда Туркия ҳам халқаро ташкилотга мурожаат қилиши ёки Миср орқали унга ёрдам бериши мумкин. Аммо Фатҳ Фаластиндаги урушни тўхтатиш учун эмас, ўз обрўйини тиклаш учун бу ишни амалга оширишни режалаштирган.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид