Жаҳон | 08:02 / 20.08.2024
3501
4 дақиқада ўқилади

АҚШда Демократик партия қурултойида намойишчилар панжарани бузиб ўтди

Чикагода АҚШ Демократик партиясининг миллий қурултойи бўлиб ўтмоқда. Ғазо секторидаги урушга қарши минглаб намойишчилар шаҳар кўчаларига чиқишди.

Фото: Reuters

19 август, душанба куни Иллинойс штатининг Чикаго шаҳрида АҚШ Демократик партиясининг 49-Миллий қурултойи очилди, унда вице-президент Камала Ҳаррис президентлик сайловларида номзод сифатида иштирок этишга розилик беради. Қурултойда партия платформаси ҳам тасдиқланади.

Америка етакчиси Жо Байден, унинг рафиқаси Жилл ва АҚШ собиқ давлат котиби Хиллари Клинтон «Юнайтед-марказ» спорт аренаси ҳудудидаги саҳнадан анжуман делегатлари ва меҳмонлари олдида чиқиш қилади.

Байден демократларнинг «тарихий бирдамлигини» таъкидлайди

Сайловолди курашдаги ташаббус машъаласи ниҳоят Харрисга ўтишига тайёрми ёки йўқми, деган саволга Байден журналистларга: «Тайёр» деди. Шунингдек, у бу оқшом «эсда қоларли» бўлишига ишонч билдирди. Оқ уй раҳбари ўз нутқида демократларнинг сайлов олдидан «тарихий бирдамлиги»ни алоҳида таъкидлаши кутилмоқда. 

CNN аниқлик киритишича, матн ёзилаётганда Америка давлати раҳбари ўзининг энг яқин ёрдамчиларидан бири Майк Донилон билан маслаҳатлашган, у билан Оқ уй раҳбари пойгадан чиқишни муҳокама қилган. Нутқ Байден учун хайрлашув нутқи эмас, аммо бу телевидение экранидан эмас, балки шундай муҳим аудиторияга сўнгги мурожаатлардан бири. 

Мишел Обама 20 август куни мурожаат билан чиқади

«Иккиланаётган» штатлардан ҳам бир нечта маърузачилар кутилмоқда, улардаги ғалаба Ҳарриснинг Қўшма Штатлар президенти лавозимини эгаллаши учун муҳим. CNN манбаларига кўра, Пенсилвания ва Мичиган губернаторлари Жош Шапиро ҳамда Гретхен Уитмер анжуман чоғида йиғилганларга нутқ сўзлаши керак. 

Демократик партиядаги манбанинг Axios’га маълум қилишича, 20 август куни асли чикаголик Мишел Обаманинг чиқиши режалаштирилган. АҚШ собиқ президенти Барак Обама ҳам саҳнага чиқади. 

Чикаго кўчаларида - Ғазо секторидаги урушга қарши минглаб намойишчилар

Айни пайтда, AP хабарига кўра, биринчи куни намойишчилар «Юнайтед-марказ»ни ҳимоя қилиш учун ўрнатилган панжарани бузиб ўтишган. Агентлик маълумотларига кўра, Ғазо секторидаги урушга рози бўлмаган минглаб одамлар Чикаго кўчаларига чиққан. Йиғилганларнинг баъзилари: «Оккупацияни зудлик билан тўхтатинг», «Бутун дунё кузатмоқда» деб ҳайқирди. Бир қатор намойишчилар ички периметр атрофидаги иккинчи тўсиқни бузиб ўтишга ҳаракат қилганда полиция газга қарши ниқобларни кийган. Хавфсизликни кўп сонли ҳуқуқ-тартибот ходимлари, жумладан Чикаго полицияси суперинтенданти Ларри Снеллинг таъминламоқда. 

Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига кўра, камида тўрт киши қўлга олинган. Шаҳарда Фаластин тарафдори бўлган бир қанча йирик ташкилотлар вакиллари йиғилган. 

Йиғилганларнинг баъзилари 1968 йилда Демократик партия қурултойи пайтида шаҳарда Виетнам урушига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганини эслашди. 

Форум Чикагога 50 мингга яқин кишини жалб қилади

Форум Чикагога 50 мингга яқин кишини жалб қилиши кутилмоқда. У 22 августгача давом этади.

АҚШ президентлигига номзодлар Камала Ҳаррис ва Доналд Трамп ўртасидаги илк дебат 10 сентябр куни АВС телеканалида бўлиб ўтади.

АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябр кунига белгиланган. Жо Байден Демократик партия аъзоларининг хавотирлари ортиб бораётган бир пайтда, 21 июл куни президентлик пойгасидан чиқишини эълон қилди ва Ҳаррис номзодини қўллаб-қувватлади. У энг юқори давлат лавозимига номзодини қўйишга рози бўлди ва миллий қурултойда демократ делегатлар томонидан расмий номзодликка муддатидан олдин тасдиқланди. Ҳаррис сайловда ғалаба қозонса, ўзининг вице-президенти сифатида кўраётган Тим Уолцни қўллаб-қувватлаш учун овоз бериш ҳам шунчаки расмиятчиликдир. 

Мавзуга оид