Ҳиндистон бош вазири Киевда Украина ва Россияни музокарага чақирди
Нарендра Моди Киевга ташрифи чоғида Украина ва Россияни тинчлик музокараларини ўтказишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Ню-Деҳли Украина томонига «катта» гуманитар ёрдам беради.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Украина президенти Володимир Зеленскийни Москва бошлаган урушни тугатиш учун Россия билан музокара ўтказишга рози бўлишга чақирди. 23 август, жума куни Киевда Зеленский билан учрашув чоғида Моди тинчлик ўрнатишда ёрдам бериш учун ўзини воситачи «дўст» сифатида таклиф қилди.
Журналистлар олдидаги нутқи чоғида Ҳиндистон бош вазири Киевга тинчлик хабари билан келганини айтиб, Россия ва Украина ўртасидаги мулоқотни бошлашга чақирди. «Мулоқот ва дипломатия орқалигина келишувга эришиш йўлини топиш мумкин. Ва биз вақтни бой бермасдан бу йўналишда ҳаракат қилишимиз керак», - дея Моди сўзларини келтиради Reuters.
Мамлакати «тинчлик тарафдори» эканини таъкидлаган Нарендра Моди Ҳиндистоннинг Украина ва Россия ўртасидаги уруш «биринчи кунидан бери бетараф бўлмаганини» таъкидлади. Айни пайтда, расмий равишда, Ню-Деҳли Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери бетарафликни сақлашга ҳаракат қилмоқда, дея таъкидлайди dpa агентлиги. Ҳиндистон Ғарбнинг Москвага қарши санкцияларини қўллаб-қувватламайди ва мунтазам равишда ҳарбий можарони мулоқот йўли билан ҳал этиш тарафдори бўлиб келади, бироқ ўзига хос таклифлар илгари сурмайди.
Ҳиндистон бош вазири, шунингдек, Украинага инсонпарварлик ёрдами «кўп миқдорда» етказилишига ваъда берди. «Гуманитар нуқтайи назардан қандай ёрдам талаб қилинмасин, Ҳиндистон ҳар доим сиз билан бўлади ва сизни қўллаб-қувватлаш учун қўлидан келган барча ишни қилади», — деди Моди Зеленский билан учрашувда.
Ҳар икки етакчи ташрифни тарихий деб атади. «Бу ташриф барча украиналиклар учун жуда дўстона ва муҳим», деди Володимир Зеленский журналистларга.
Киевдаги Украина тарихи миллий музейида Нарендра Моди ва Володимир Зеленский Россия тажовузи натижасида ҳалок бўлган болалар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Украина ва Ҳиндистон раҳбарлари «Болалар» мултимедияли мартирологига ўйинчоқлар қўйишди.
Нарендра Моди билан Киевда бўлган Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жайшанкар Володимир Зеленский Ҳиндистонга жавоб ташрифига таклиф қилинганини айтди.
Мавзуга оид
20:22
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024