Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, қурилиш ишлари билан танишди
Мажмуада Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди. Янгиланаётган масканда қурилиш-муҳандислик ишлари битказилган, давлат раҳбари пардозлаш жараёнлари билан танишди. Шундан кейин Ислом Каримов мақбараси зиёрат қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев 26 август куни Самарқандга ташриф буюрди.
Ташриф аввалида Имом Бухорий мақбараси зиёрат қилинди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.
“Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами арафасида турибмиз. Илоҳим, мустақиллигимиз бардавом бўлсин, юртимизга кўз тегмасин. Халқимизни рози қилиш бўйича ишларимизга Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин. Бу мажмуани қуришдан мақсадимиз ҳам Имом Бухорий бобомизнинг қадрини янада кўтариш, жаҳонга баралла айтишга асос яратиш. Бундай хайрли ишларимиз кўп бўлсин”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Имом Бухорий мажмуаси янгидан барпо этилмоқда. Мақбара майдони 600 квадрат метр, баландлиги 28 метр қилиб кенгайтирилган. 10 минг кишига мўлжалланган масжид бунёд этилган. Мажмуанинг 4 бурчагида 75 метрлик миноралар қад ростлаган.
Бугунги кунда қурилиш ва муҳандислик ишлари битказилиб, пардозлаш босқичи бошланган. Бунда миллий анъаналар ва иссиқ рангларга алоҳида эътибор берилган.
Давлат раҳбари ушбу қурилиш ва пардозлаш ишлари билан танишди. Энди мажмуада замонавий, хавфсиз бошқарувни жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
“Бу мажмуа буюк маънавий устун бўлиши керак”, – деди президент.
Мутасаддиларга барча туман ва шаҳарлардаги табаррук зиёратгоҳларни тиклаш, уларнинг тарихи ва мазмунини тўғри талқин қилиб етказиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Мажмуада, шунингдек, музей, нақшинкор айвонлар, маъмурият ва хизмат кўрсатиш бинолари қурилмоқда. Шавкат Мирзиёев бўлажак музейни ҳам кўздан кечирди.
Президент Ҳазрати Ҳизр мажмуасида ҳам бўлиб, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов мақбарасига гул қўйди.
Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.
Давлат раҳбари бугун “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимида иштирок этади.
Мавзуга оид
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
19:08 / 16.12.2024