Жаҳон | 19:06 / 26.08.2024
19960
9 дақиқада ўқилади

Украина бўйлаб яна ёпирилма зарбалар. Бу ҳақда нималар маълум?

Россия 100 дан ортиқ ракета ва 100 га яқин дрон учирди. Киев ГЭС ва бошқа энергетика объектлари зарба остида қолган. Бу Россиянинг украинларнинг Курск областидаги юришига жавоб экани айтилган.

Фото: Украина ФВДХ

Россия қуролли кучлари 26 август куни турли типдаги ракеталар ҳамда зарбдор дронлар қўллаган ҳолда Украина бўйлаб ёппасига ҳужум амалга оширди. Украинага ҳужум соат 00:50 атрофида бошланган, Украина ҳаво кучларига кўра, шу вақтда осмонда дастлабки Shaheed дронлари пайдо бўлган. Ҳужум тун бўйи ва тонгда ҳам давом этган, ҳаво кучлари 26 август куни кундузи ҳам россияликларнинг дронлари ҳаракати ҳақида хабар берган. Украин нашрларида эълон қилинган, ракеталар ва дронларнинг ҳаракатланиши акс этган харитага кўра, тунда ва тонгдаги зарбалар асосан мамлакатнинг ғарбий, шарқий ва марказий регионларига йўлланган. Киевда ҳаво тревогаси саккиз соатга яқин давом этган, соат 14:21 да шаҳарда учувчисиз учар қурилмалар ҳужуми хавфи туфайли яна тревога эълон қилинган, тахминан 20 дақиқа ўтиб у бекор қилинган.

Украина энергетика вазири Герман Галушченко ҳужумлар нишони энергетика объектлари бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Россия «украинларни ёруғликдан маҳрум этиш режасидан воз кечмаяпти». Вазир Украинада электр энергиясини фавқулодда ўчириш режими жорий этилганини маълум қилган. «Вазият мураккаб, ҳужум оқибатлари аниқлаштириляпти. Энергетиклар уларни бартараф этиш устида ишламоқда», — дея хабар берган Галушченко 26 август тонгида. Россия ҳужуми оқибатида жами 15 област зарар кўрган, айрим регионларда энергетика объектлари шикастланган, деган Украина бош вазири Денис Шмигал.

Регионлардаги расмийларнинг хабарларига кўра, энергетика объектлари, шунингдек инфратузилма объектлари шикастланиши ҳолатлари Волин, Днипропетровск, Запорижжя, Житомир, Киев, Лвив, Ривнен, Винница, Одесса ва Ивано-Франковск областларида қайд этилган.

Киев аҳолиси вакиллари ҳаво тревогаси чоғида метрода яширинмоқда
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA

Киев области ҳукумати ҳудудда иккита энергетика объекти шикастлангани тўғрисида маълумот берди. Улардан бири — Киевдан бир неча километр масофада жойлашган, Вишгороддаги Киев ГЭСдир. Украин медиаси Киев ГЭСдаги ёнғин акс этган видеоёзувларни тарқатган. УНИАН нашри ёзишича, тўғон устидаги йўл ва машина зали шикастланган. Пирново обшчинаси раҳбари Сергей Книжников тўғон йўлига кириш ва чиқиш ёпилганини маълум қилган.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қошидаги дезинформацияга қарши курашиш маркази раҳбари Андрей Коваленко Киев ГЭС тўғонига ҳеч нарса хавф солмаётганини айтган. «Уни ракеталар билан вайрон қилиш имконсиз», — деган Коваленко.

Ижтимоий тармоқда Киев ГЭС яқинида олинган видеоёзув ҳам тарқалган. Кадрда ракета Киев сув омбори ҳудудига тушгани акс этган.

Yan Dobronosov/Telegraf

Турар жойлар ҳам зарбаларга йўлиққан. Украина регионлари раҳбарлари ёпирилма зарбалар туфайли кўп квартирали уйлар ҳамда хусусий уйлар, темирйўл объектлари, автомобиллар, омборлар ва бошқа фуқаролик объектларига зарар етганини маълум қилган. Полтава областида саноат объекти зарбага дучор бўлган.

Волин области Луцк шаҳрида дронлар қулаши оқибатида кўп квартирали уй шикастланган. Тармоқда Луцкда олинган видеоёзув тарқалган, унда дрон турар жой биноси томига урилганини кўриш мумкин.

Украина ФВДХ Луцкдаги уйга дрон урилиши оқибатлари акс этган фотосуратларни намойиш этган.

Волин области Луцк шаҳрида ҳужум оқибатида кўп квартирали уй шикастланган, бир киши ҳалок бўлиб, беш киши яраланган

РФ қўшинларининг ёпирилма зарбалари оқибатида қурбонлар ва яраланганлар ҳам бор. Ҳудудлар раҳбарларига кўра, Волин, Днипропетровск, Запорижжя, Житомир ва Харкив областларида бир нафардан одам ҳалок бўлан. Волин ва Полтава областларида беш нафардан, Одессада — тўрт, Миколайивда — уч, Ивано-Франковскда — уч киши яраланган. Киевда соат 15:00 атрофида дрон парчаси тушиши оқибатида автомобил ҳайдовчиси жароҳатланган, машина тўлиқ яксон бўлган, деб хабар берган шаҳар мэри Виталий Кличко.

Украина ФВДХ ва ИИВ ҳозирча зарбалар оқибатида ҳалок бўлган ва яраланганларнинг жами сони ҳақида хабар бермади. Украина президенти Володимир Зеленский ҳодиса оқибатида ўнлаб кишилар жабрлангани ҳақида гапирган.

Россия Украина бўйлаб энг йирик комбинацияланган зарбаларидан бирини йўллади, деган Володимир Зеленский. Унинг сўзларига кўра, Россия қўшини юздан ортиқ турлича ракеталар ҳамда юзга яқин «Shaheed» дронларини учирган. Киев шаҳри ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попкога кўра, ҳужумда дронлар, Ту-95МС русумли 11 та стратегик бомбардимончи, «Калибр» ракеталарини ташувчи тўртта кема, Ту-22М3 русумли олтита стратегик бомбардимончи, «Кинжал» ракеталарини ташувчи МиГ-31К русумли учта қирувчи самолёт, шунингдек баллистик ракеталарни учирган ракета комплекслари иштирок этган.

Украина ҚК ҳаво кучлари қўмондони Микола Олешчук ҳозирча ҳужум оқибатлари юзасидан ҳеч қандай баёнот бермаган, чунки россияликларнинг Украина бўйлаб ҳаво ҳужумлари ҳали якунланмади.

Зеленский 26 август куни кундузи украинларга қилган видеомурожаатида ҳужумга тўхталиб, Путин — «хаста мавжудот» эканини таъкидлади.

Путин ўзига хиёнат қилмайди: бу хаста мавжудот экани — аллақачон барчага тушунарли. Аммо шуниси ҳам аниқ: у фақат дунё қилишга имкон қолдирган ишни қила олади. Жавоб қайтаришдаги заифлик ва қатъиятсизлик террорни озиқлантирмоқда. Ва ҳар бир етакчи, бизнинг ҳар бир ҳамкоримиз бу урушни тўхтатиш ва адолатли тўхтатиш учун қандай қарорлар лозимлигини билади. Террорчиларда чекловлар йўқлигида Украинада ҳам узоқ масофага зарба беришда чеклов бўлмаслиги керак. Россия ўзининг барча турдаги қуролларидан ҳам, «шаҳидлар» ва Шимолий Кореядан келтирилган баллистик ракеталардан ҳам фойдаланаётганида ўз ҳаётини ҳимоя қилаётганлар учун қурол бўйича чекловлар бўлмаслиги керак. Америка, Британия, Франция, бошқа ҳамкорлар террорни тўхтатишга ёрдам беришга қодир. Бизга ечимлар керак.

Украинага ҳужум вақтида Полша ҳаво ҳудудига ҳозирча аниқланмаган объект кирган, у катта эҳтимол билан Полша ҳудудига қулаб тушган. «Озодлик радиоси» ёзишича, бу ҳақда Полша армияси оператив қўмондонлиги расман маълум қилди. Бу ракета ёки учувчисиз учар қурилма экани тахмин қилинмоқда. Объект Украинанинг Лвив области Червоноград шаҳри ҳудудида чегарадан ўтган ва Полша ҳудуди узра 25 километрга учиб, радар экранларидан йўқолган. Объект чегарадаги Тишовце шаҳри ҳудудида қулаб тушгани тахмин қилинмоқда, қидирув ишлари олиб борилмоқда.

РФ мудофаа вазирлиги Россия қўшини Украина ҳарбий ишлаб чиқариш комплекси фаолиятини таъминлаётган энергетика объектларига зарбалар йўллагани ҳақида хабар қилди. Вазирлик вакили журналистлар учун ҳар кунги брифинг чоғида Украина бўйлаб зарбалар юзасидан изоҳ берган. Унинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар «юқори аниқликдаги қуроллар билан Украинанинг ўта муҳим энергетика объектларига ёпирилма зарбалар» йўллаган.

Вазирлик тасдиқлашича, ҳужум нишонлари Киев, Винница, Житомир, Хмелницкая, Днипропетровск, Полтава, Миколайив, Кировоград ва Одесса областларидаги электр нимстанциялар бўлган. Бундан ташқари, вазирлик маълумотига кўра, Лвив, Ивано-Франковск ва Харкив областларида Украина газ транспорт тизими фаолиятини таъминлайдиган газ компрессор станциялари зарбалар остида қолган. Шунингдек, Киев ва Днипропетровск областларидаги аэродромларга зарбалар йўлланган, бу ҳудудларда Украинага ғарб мамлакатлари томонидан етказиб берилган «авиация қуроллари» сақланаётганди.

«Белгиланган барча нишонлар йўқ қилинди, натижада электр таъминотида узилишлар юзага келган, темирйўл орқали қуроллар ва ўқ-дориларни ҳарбий тўқнашув чизиғига элтиш тўхтатилган», — дейилади Россия мудофаа вазирлиги хабарида.

Россия Украинага Украина қуролли кучларининг Курск областидаги юришига жавобан зарбалар йўллади, деган Shot телеграм-каналига Давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов. Унинг сўзларига кўра, РФ қуролли кучларининг Украина бўйлаб зарбалари — «қисман Украина қуролли кучларининг Курск областидаги провокациясига ҳам жавобдир». Картаполов бу иш давом эттирилишини қўшимча қилган.

Украина Россия қўшинларининг йирик ҳаво ҳужумларига жавоб чораларини тайёрламоқда, деган Украина мудофаа вазири Рустем Умеров. «Бу тунда Россия яна бир бор шаҳарларимизга зарба берди. Тинч аҳоли вакиллари жабрланди, уйлар вайрон бўлди, муҳим инфратузилмалар фаолияти издан чиқди. Бу яна бир бор ғалаба қозонишимиз учун бизга узоқ масофага ҳаракатланувчи қуроллар ҳамда душманнинг ҳарбий объектларига зарба беришга чекловлар бекор қилиниши кераклигини исботлайди. Украина ўз жавобини тайрламоқда. Ўзи ишлаб чиқарган қуроллар билан», — деган Умеров.

Мавзуга оид