Иқтисодиёт | 14:30 / 27.08.2024
3025
3 дақиқада ўқилади

Kaspi.kz «Humo» тўлов тизимини хусусийлаштиришда иштирок этиши мумкин

Қозоғистоннинг Kaspi компанияси «Humo» тўлов тизимини сотиб олишни режалаштиряпти. Компания раҳбари Михаил Ломтадзе Ўзбекистонда технологиялар учун «катта сармоя» киритиш ниятида эканини билдирди.

Фото: Reuters

Қозоғистоннинг Kaspi.kz молия технологиялар компанияси «Humo» тўлов тизими хусусийлаштирилишида иштирок этиш истагини билдирди. Бу ҳақда компания раҳбари Михаил Ломтадзега таяниб, Forbes хабар берди.

Kaspi.kz томонидан ушбу хусусийлаштириш жараёнига Давлат активларини бошқариш агентлигининг халқаро консултанти сифатида жалб қилинган Delloite’га расмий қизиқиш хати юборилган.

Ломтадзенинг сўзларига кўра, Kaspi.kz нақд пулсиз тўловлар ўсишига ҳисса қўшадиган тўлов технологиялари ва хизматларини ривожлантириш бўйича катта тажриба олиб кириб, жорий «Humo» бизнес моделини ривожлантиришни режалаштиряпти.

Унинг қўшимча қилишича, Kaspi Ўзбекистонда технология ва ходимларга «катта сармоя» киритиш ниятида, бу «Humo» тўлов хизматларини барча иштирокчилар учун янада самарали ва қулайроқ қилади.

«Ушбу сармоя «Humo»нинг ривожланишига қўшимча жадаллик бахш этади, технологик имкониятларини кенгайтиради ва инновациялар учун намуна бўлади. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг сармоявий жозибадорлиги янада ошишига олиб келади ва мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этишнинг ўсиши учун ҳаракатлантирувчи омил бўлади», — деди Ломтадзе.

Маълумот учун, 2024 йилда Kaspi.kz АҚШнинг NASDAQ фонд биржасида IPO ўтказди ва бу сўнгги икки йил ичидаги энг йирик оммавий таклифлардан бирига айланди. Айни пайтда компаниянинг капиталлашуви тахминан 24 миллиард долларни ташкил этади.

«Humo» тўлов тизими ҳақида

“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ – банк тўлов карталарига асосланган «Humo» тўлов тизими Ўзбекистонда ва хорижда операцияларни амалга оширишга мўлжалланган бўлиб, Ўзбекистон тўлов тизимининг таркибий қисми ҳисобланади. Жамият тўлов тизимининг оператори фаолиятини амалга оширишга доир Марказий банкнинг тегишли лицензиясига эга. Устав капитали: 155,4 млрд сўм;

Айни пайтда 27 миллиондан ортиқ «Humo» карталари чиқарилган бўлиб, 210 мингдан ортиқ терминал ва 6,4 мингдан ортиқ банкоматлар ўрнатилган.

Аввалроқ, «Humo» тўлов тизими оператори акциядорлик жамиятига айлантирилгани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, апрел ойида Ўзбекистонда янги хусусийлаштириш дастури эълон қилинганди. Ундан бир қатор йирик давлат корхоналари қаторида «Humo» тўлов тизимини ҳам хусусийлаштириш режалари ўрин олган.

Мавзуга оид