Ўзбекистон | 14:25 / 27.08.2024
14632
5 дақиқада ўқилади

Ўқиш бошланяпти: ётоқхонага жойлашиш бўйича муҳим саволларга жавоблар

Ётоқхона учун онлайн ариза қандай берилади ва қанча вақтда кўриб чиқилади, ётоқхонага қачон бориб жойлашиш мумкин, ижарага жойлашишда талабага қандай қулайликлар бор? Kun.uz шу каби муҳим саволларга жавобларни бир жойга жамлади.

ТТЖга онлайн ариза бериш

1 августдан ўқув йили охиригача талабалар турар жойига эҳтиёжи борларга онлайн ариза бериш имкони берилган. Бунинг учун талаба аввало my.gov.uz сайтида рўйхатдан ўтиб, шахсий кабинет яратиши керак. Кейин сайтдаги таълим бўлимини танлайди. У ердан талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза юбориш деган бўлимга ўтади. Бўлимда керакли маълумотларни тўлдириб, ариза жўнатади.

Кейинги босқичда “жараёнда” деган ёзув чиқиб туради. Бу ёзув қанча муддат экани маълум эмас. Чунки ариза топширувчилар сонини олдиндан айтишнинг имкони йўқ. Қолаверса, тартиб бўйича, дастлаб имтиёзга эга талабаларга ётоқхона берилади.

Ётоқхона учун шартнома қандай олинади?

Ариза кўриб чиқилгач, “аризангиз қабул қилинди” деган ёзув чиқади. Ва автоматик равишда ётоқхона учун шартнома шакллантирилади. Худди шу пайтда талаба QR-кодли йўлланма ҳам чиқади. Талаба шу код орқали ТТЖга жойлашади. Унда талабага нечанчи ётоқхонадан жой берилиши кўрсатилади. Шунингдек, шартномада ТТЖ бўйича масъуллар телефон рақамлари бор. Талаба шу рақам билан боғланиб, қўшимча маълумот олиши мумкин. Ётоқхона хонаси эса талаба борганидан кейин аниқ бўлади.

Ариза берганлар қачон ётоқхонага жойлашиши мумкин?

Бу ҳақида ҳар бир ОТМ ўз имкониятидан келиб чиқиб эълон беради. Масалан, Ўзбекистон Миллий университети маъмурияти шартнома олиб, тўлов қилган талабаларнинг 4-14 сентябр оралиғида ТТЖга келишини сўраяпти. Бошқа ОТМларда вазият бироз фарқ қилиши мумкин. Шунинг учун ётоқхонага жойлашмоқчи бўлган талабалар олийгоҳнинг расмий ижтимоий саҳифаларини доимий кузатиб туришлари тавсия этилади. Ёки шартномада кўрсатилган телефон рақамга қўнғироқ қилиб, жойлашиш саналарини аниқлаштириб олса ҳам бўлади.

Ётоқхона тақсимотида кимларга имтиёз берилади?

Вазирлар Маҳкамасининг 376-сон қарори билан тасдиқланган регламентга кўра, қуйидагилар ётоқхона олишда имтиёзга эга:

  • “Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар;
  • “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”, “темир дафтар” ва “аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари ҳамда “ёшлар дафтари”да турадиган талабалар;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар;
  • бир оиладан бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклида икки ёки ундан ортиқ тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилалар фарзандлари;
  • халқаро фан олимпиадалари, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказиладиган республика фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган талабалар;
  • “Йил талабаси” ва “Талабалар театр студиялари” кўрик-танловларининг республика босқичи ғолиби бўлган талабалар;
  • олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган талабалар;
  • талабалар турар жойида талабалар кенгаши раиси, қават сардори бўлган талабалар.

Курслар бўйича тақсимот қандай бўлади?

Имтиёз ва устуворликларга эга талабгорлар ТТЖга қабул қилингандан кейин умумий рўйхатдаги талабаларга ўрин қуйидагича тақсимланади:

1-курс талабалари учун 55 – 65 фоиз;

2-курс талабалари учун 15 – 20 фоиз;

3-курс ва ундан юқори курс талабалари учун 20 – 25 фоизгача.

Бунда курсларга ажратилган, бироқ тўлмай қолган ўринлар аввало қуйи курс талабалари орасида, сўнг курсларнинг ортиб бориши тартибида юқори курс талабалари орасида қайта тақсимланади. ОТМ томонидан ТТЖдаги ўринлар сони умумий рўйхат бўйича факултетлар кесимида тақсимланиши мумкин.

Ижара хонадонларини топишга ёрдам

Ҳар бир ОТМ олдида талабаларни ижара хонадонларига жойлашишга ёрдам берадиган штаб ташкил қилинган. Улар ижара хонадонлар базасини шакллантириш, талабаларнинг гуруҳ тюторлари орқали ижара хонадонларига жойлашишига ёрдамлашади. Шунингдек, ОТМ расмий веб-сайти орқали янги топилган ижара уйлари рўйхати ва ижара уйлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилиб боради.

Ижара тўловининг бир қисми тўлаб берилади

Тегишли ҳужжатга кўра, ётоқхона олмаган талабаларининг 60 фоизига ойлик ижара тўловининг бир қисми давлат бюджетидан тўлаб берилади. Бунда битта турар жойда икки ва ундан ортиқ талаба ижара ҳуқуқи асосида яшаётган бўлиши керак. Уларнинг барчаси ижара шартномасида қайд этилган бўлишлари шарт. Талабгорларга ойлик ижара тўловининг бир қисми ижара шартномасининг суммасидан қатъи назар тўлаб берилади. Бу миқдор – Тошкент шаҳрида БҲМнинг бир баравари, қолган ҳудудларда БҲМнинг ярим баравари деб белгиланган.

Талабаларни ижарага қўйган уй эгаларидан даромад солиғи ундирилмайди.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист 

Мавзуга оид