Жаҳон | 14:23 / 28.08.2024
4239
4 дақиқада ўқилади

Воронеж вилоятида иккита аҳоли пункти эвакуация қилинди

Эвакуация ўқ-дорилар омборига дрон зарбасидан кейин амалга оширилган. Шунингдек, Ростов вилоятида яна бир нефт омборига ҳужум уюштирилгани хабар қилинган.

Фото: Shutterstock

Воронеж вилоятида дронларнинг тунги ҳужумидан сўнг икки аҳоли пункти аҳолисини эвакуация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди, деди губернатор Александр Гусев. «Улар учун туман марказида вақтинчалик марказ бор, автобуслардан фойдаланилди», — деб ёзган расмий 28 август, чоршанба куни эрталаб ўзининг Telegram-каналида.

Гусевнинг сўзларига кўра, Россошанский туманида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ва радиоэлектрон кураш воситалари самолёт типидаги УУАни топиб, йўқ қилган. Қурбонлар ва вайроналар йўқ. Дрон парчаларининг қулаши портловчи объектлар яқинида ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлди. Портлаш содир бўлмаган, бироқ тезкор хизматлар икки аҳоли пункти аҳолисини вақтинча эвакуация қилишга қарор қилган. 

«Ёнғин маҳаллий кучлар томонидан ўчирилди, аҳоли ўз уйларига қайтмоқда», — дея қўшимча қилди губернатор. 

Ўқ-дорилар омборига зарба

Айни пайтда, Astra нашри маҳаллий аҳолига таяниб, Малая Меженка қишлоғидаги ўқ-дорилар омборига учувчисиз учоқ келиб урилгани ҳақида хабар берди. 

24 август куни Украина қуролли кучлари Воронеж вилоятининг Острогожский туманидаги ўқ-дорилар омборига зарба берди. Ўшанда икки киши жароҳат олди - бир аёл оғир аҳволда касалхонага ётқизилди. Ўққа тутилганидан сўнг расмийлар икки аҳоли пункти аҳолисини эвакуация қилган. 

Ростов вилоятидаги нефт омборига ҳужум

Аввалроқ Mash Telegram-канали Ростов вилоятидаги яна бир нефт базасига учувчисиз учоқлар урилгани, натижада объектда ёнғин чиққани ҳақида хабар берган эди. Канал ёнғин ичида қолган объект ва улкан қора тутун устуни акс этган видеони эълон қилди.

Минтақа губернатори Василий Голубев ўзининг Telegram-каналида эрталаб соат учларда тўртта дрон уриб туширилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳужум натижасида Каменский туманидаги ёнилғи омборида ёнғин бошланган. Жароҳатланганлар йўқ, деди Голубев.

18 август куни Украина учувчисиз учоқлари Ростов вилоятининг Пролетарск шаҳридаги нефт омборига ҳужум қилди, натижада объектда катта ёнғин содир бўлди, у ҳали ҳам давом этмоқда. Ўнлаб ёнилғи бакларини қамраб олган ёнғин майдони 10 минг квадрат метрга етди. 500 дан ортиқ ўт ўчирувчилар ва тўртта Ил-76 самолётлари ўчиришга жалб қилинган. 19 август куни шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Ёнғинни ўчиришда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг камида 49 нафар ходими жароҳатланган. 23 август куни нефт базаси яна дронлар томонидан ҳужумга учрагани маълум бўлди. 

Қозон ва Нижнекамск аэропортларида парвозлар бекор қилинди

Россиянинг қатор аэропортларида рейслар бекор қилина бошланди. 28 август куни Федерал ҳаво транспорти агентлиги вакили Қозон ва Нижнекамск аэропортларида «парвоз хавфсизлигини таъминлаш учун» вақтинчалик чекловлар жорий этилгани ҳақида маълум қилди. Иккала аэропорт ҳам рейсларни қабул қилиш ва жўнатишни тўхтатди. Қозонга учаётган самолётлар Самарадаги муқобил аэродромга, Нижнекамскка учаётган самолётлар эса Ижевск, Уфа ва Самара аэропортларига йўналтирилди. 

Россия Telegram-каналлари аэропорт ишининг тўхтатилишига дрон ҳужуми таҳдиди сабаб бўлганини ёзмоқда. 

Мавзуга оид