АҚШ ҳарбий техникаларини Ўзбекистонда қолдирмоқда. «Толибон» нега норози?
Вашингтон ва Тошкент 2021 йилда афғон ҳарбийлари томонидан Ўзбекистон ҳудудига олиб ўтилган самолёт ва вертолётлар борасида келишиб олган. «Толибон» эса бу келишувга қарши. Хўш, Ўзбекистон чегараларини ноқонуний кесиб ўтган ҳарбий учоқлар тақдири халқаро ва миллий қонунчиликда қандай ҳал қилинади? «Геосиёсат»нинг галдаги сонида шу масала муҳокама қилинди.
— Ўзбекистонга ўтган самолёт ва вертолётлар аслида кимники?
— Бу самолёт ва вертолётлар аслида Америкада ва шу давлатнинг пулига ясалган. Ўша вақтда 46 та самолёт ва вертолётлар Ўзбекистонга, 18 таси Тожикистонга учиб ўтган. «Толибон» энди буларни Афғонистонга тегишли, дея уларни қайтаришимизни сўраб мурожаат қилмоқда. Самолётларнинг таркибига эътибор берадиган бўлсак 2021 йилда, «Толибон» Кобулни эгаллаган кунларда бортида 585 нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчи бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт (Embraer EMB 314 Super Tucano, UH-60 Black Hawk, MD-530, PC-12 va Mi-17) Ўзбекистон ҳаво ҳудудини кесиб ўтган. Бу самолётларнинг кўпчилиги 15 йил аввалги самолётлар ҳисобланади.
— Халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан вертолётлар тақдири қандай ҳал этилиши керак?
— 2021 йил август ойида 46 та самолёт ва вертолётлар Ўзбекистон осмонини кесиб ўтди. Жиноят кодексида 223-моддага биноан бу чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳисобланади. Қурол-яроғ орқали амалга ошадиган бўлса бу 246-моддага бўйсунади ва бу контрабанда ҳисобланади. Бу самолёт ва вертолётларда ҳарбийлар, қочқинлар бор эди. Улар Ўзбекистонда қолишмади балки учинчи мамлакатларига чиқариб юборилди. Аммо самолётларнинг тақдири ҳали ноаниқ. Халқаро ҳуқуқ нормаларида сиёсий қочқинлар чегараларни босиб ўтишса уларни жавобгарликка тортмасдан, белгиланган ҳудудга етказиб қўйиш белгиланган.
«Ҳарбий техникалар Ўзбекистонда бўлади. Ҳа, бу аллақачон расмий. Ушбу техникалар ҳеч қачон афғонларники бўлмаган, улар америкаликларники эди. Афғон армияси ундан фойдаланди, лекин биз ҳамиша хўжайин бўлганмиз», — деган АҚШнинг Ўзбекстондаги элчиси Жонатан Ҳеник.
Жонатан Ҳеникнинг гапи айнан қандай шартномада келтирилган, шунга ҳам эътибор беришимиз керак. Бу гаплар элчининг оғзаки гапи ҳисобланади. Бу самолётлар Ўзбекистонга берилди, аммо қандай шартларда берилди, деган савол ҳам бор. Ижара учунми, бутунлай фойдаланишга ёки қайтариб бериш шарти биланми, буниси ҳали очиқланмаган. Балки уларни қайтариб олиб бошқа давлатга беришни ният қилган бўлишлари ҳам мумкин.
2022 йил май ойида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашов ушбу самолётлар Американинг мулки ва Америкага қайтарилади, деган эди.
— Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация 17 август куни Кобулга ташриф буюрган вақтда бу масала муҳокама қилинган бўлиши мумкинми?
— Ташрифнинг мақсади Афғонистонга кўмак бериш эди, аммо самолётлар масаласи ҳам муҳокама қилинди. Расмий сайтларда маълум қилинмаган бўлса ҳам, Россия ижтимоий тармоқларида маълумотлар бериб борилмоқда. Икки давлат делегацияси Ўзбекистонга янги элчи қўйиш масаласига келишишди. Шу пайтгача 3 йилдан бери элчи йўқ эди. Элчиликка Абдуғофир Теравий деган ўзбек миллатига мансуб йигитни тайинлашди.
Бу учрашувда 35 та лойиҳа имзоланди, 2,5 млрд долларлик инвестициялар киритиш тўғрисида. Янги келган элчининг биринчи вазифаси мана шу самолётларни қолдириш ёки Америкага қайтариш ва уларни сотиб пулни ўртада бўлиш каби йўллардан бирини фойдаланиб масалани ҳал қилиши мумкин. Чунки бу самолётлар Ўзбекистонда қолганидан бизга ҳеч қандай фойда йўқ. Сабаби улар маънан ҳам, жисмонан ҳам анча эскирган. «Толибон» халқаро ҳуқуқда тан олинмагани учун самолётларни қайтариш масаласи очиқ қолади.
— Вертолёт ва самолётлар билан боғлиқ мавзу икки қўшни муносабатларига путур етказмайдими?
— Бу устувор йўналиш бўлмаса ҳам икки давлат ўртасида низога сабаб бўлиши мумкин. Шу низонинг олдини олиш учун Ўзбекистон делегацияси Афғонистонга бориб келди ва афғон иқтисодиётига ёрдам бериш учун турли лойиҳалар имзоланди. Аммо самолётлар қайтарилмаслиги ҳам таъкидланмоқда. Чунки самолётлар қайтарилса бу қўшни давлатлар учун таҳликавий вазиятни юзага чиқариши мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
17:40
Байден 2025 йил учун рекорд даражадаги АҚШ мудофаа бюджетини тасдиқлади
17:05
АҚШда сўнгги 4 йилда 749 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди
16:18
“Канални савол-жавобсиз қайтариб оламиз” – Трамп Панамага таҳдид қилди
15:04