Спорт | 16:18 / 30.08.2024
11208
2 дақиқада ўқилади

Паралимпия ўйинлари. Асила Мирзаёрова олтин медални қўлга киритди

Асила Мирзаёрова Ўзбекистон делегациясига илк олтин медални тақдим этди. У 28 йиллик Паралимпиада рекордини янгилади.

Фото: Видеодан кадр

Ўзбекистон делегацияси Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларида дастлабки олтин медалини қўлга киритди. Мазкур чемпионлик Асила Мирзаёровага насиб этди.

Т11 классида узунликка сакраш дастурида иштирок этган спортчи 5.24 метр натижани қайд этиб, биринчи бўлди. У иккинчи ўриндаги рақибини катта фарқ билан (33 сантиметрга) ортда қолдирди.

Эътиборли томони, у дастлабки уринишда 5.22 метр натижа қайд этиб, 28 йилдан буён сақланиб турган Паралимпия ўйинлари рекордини янгилади. Бешинчи уринишида эса 5.24 метр натижа кўрсатиб, ўзи ўрнатган рекордни ҳам янгилаб қўйди.  

Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 4 тага етди – 1 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза.

Маълумот учун, ушбу йўналишда аввалги Паралимпия ўйинлари рекорди 1996 йил Атлантада ўтказилган ўйинларда ўрнатилган. 28 йил аввалги рекорд испаниялик Ортиз Очисткага тегишли эди – 5,07 м.

Асила Мирзаёрова 1999 йил 3 июлда туғилган. 2017 йилдан буён пара енгил атлетика бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзоси ҳисобланади. Мусобақаларда Т11 классида иштирок этади. Икки карра Жаҳон чемпиони, Ҳангчжоу-2022 Пара Осиё ўйинларида олтин ҳамда Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларида кумуш медални қўлга киритган. 2023 йил Парижда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида олтин медал олиб, Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинлари лицензиясига эга чиққан. «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони соҳиби ҳисобланади.

Мавзуга оид