Жаҳон | 21:52 / 30.08.2024
4701
3 дақиқада ўқилади

Украина Россия нефтининг транзитини бутунлай тўхтатмайди

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк ўз сўзларини қайтариб олди.

Фото: AP Photo

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк «Новини Live» телеканалига берган интервюсида келаси йили Украина Россия гази ва нефти транзитини бутунлай тўхтатишини айтди.

«Газдан ташқари, 2025 йил 1 январдан «Дружба» нефт қувури ҳам ўз фаолиятини тўхтатади. У орқали Словакия, Чехия ва «суюкли» Венгрия нефт оляпти. Европа Иттифоқи резолюциясига кўра, улар нефт таъминотини диверсификация қилиш имкониятларини топиши ва Украина орқали Россия транзитини тўхтатиши керак. Худди шу нарса газга ҳам тегишли», деди у.

Аммо Украина Қозоғистон ва Озарбойжон каби бошқа давлатлар газини Европага ташишга тайёр, деб аниқлик киритди у.

Украина орқали газ транзитини тўхтатиш ва уни алмаштириш кўпдан бери муҳокама қилинмоқда. «Газпром» билан шартнома муддати 2024 йил 31 декабрда тугайди ва на Украина, на Россия уни узайтиришга тайёр эмас.

Бу ҳақда 27 август куни президент Володимир Зеленский маълум қилди: «Россия билан келишувни ҳеч ким давом эттирмайди, бу ниҳоясига етди. Бошқа компаниялардан газ транзити масаласига келсак, айрим европалик ҳамкасбларимизнинг илтимоси бўлса, ЕИ ва мен уларнинг илтимосини кўриб чиқамиз».

Аммо, Россия нефтининг Украина орқали транзити «Дружба» нефт қувурининг жанубий тармоғи бўйлаб давом этади ва у орқали Словакия, Чехия ва Венгрияга етиб боради. Унинг тўхтатилиши ҳақида Подолякдан бошқа ҳеч ким гапирмаган эди. Кейинчалик Подоляк ўз баёнотини рад этди.

«Украина Россия нефтини Европага транзит қилиш бўйича ўз мажбуриятларини шартномалар муддати тугагунига қадар тўлиқ бажаради», деб аниқлик киритди Подоляк.

«Шу билан бирга, Украина шартнома мажбуриятларини тўлиқ бажарган ва белгиланган муддатга қадар бажаради. Чунки бу бизнинг Европа давлатлари билан икки томонлама муносабатларимизга тааллуқлидир», деди Подоляк.

Унинг сўзларига кўра, Украина Еврокомиссияни Россия нефти таъминотини камайтириш ёки бутунлай йўқ қилиш мақсадида минтақадаги айрим мамлакатларга нефт етказиб беришни диверсификация қилиш истагини қўллаб-қувватлайди.

Мавзуга оид