Бразилия суди X платформасини блоклашга қарор қилди
Х микроблоглар хизмати эгаси Илон Маск ўзининг ижтимоий тармоғини блоклашга қарор қилган бразилиялик судяни «ёвуз диктатор» деб атади.
Бразилия Федерал олий суди судяси Алешандре ди Мораис Миллий телекоммуникация агентлигига Х ижтимоий тармоғининг бутун мамлакат бўйлаб ишини 24 соат ичида тўхтатишни буюрди, деб хабар бермоқда жаҳон ОАВ 30 август, жума куни.
Бразилиянинг Globo телеканали ўз сайтида таъкидлаганидек, аввалроқ америкалик миллиардер Илон Маскка тегишли микроблоглар сервиси мамлакатдаги қонуний вакилини 24 соат ичида тайинлаш талабига амал қилмаган. X'дан фойдаланишни тақиқлашни четлаб ўтишга ҳаракат қилган ҳар қандай шахс ёки компания, масалан, VPN'дан фойдаланган ҳолда, кунига 50 000 реал жарима тўлаши керак, дея қарор қилди судя.
Бундан ташқари, суд Google ва Apple'га кейинги беш кун ичида Бразилиядаги дўконларидан X'ни олиб ташлашни буюрди.
Суд қарорларига муносабат билдирган Маск ўзининг X саҳифасида шундай ёзган: «Алешандре ди Мораис - ўзини судя қилиб кўрсатувчи диктатор».
Бразилияда X офисининг ёпилиши
X ижтимоий тармоғи август ойи ўрталарида Бразилиядаги вакилини чақириб олди ва мамлакатдаги вакили қўлга олинишидан қўрқиб, офисини ёпди. Аввалроқ X раҳбарияти Бразилия расмийлари талабига кўра, бир қатор фойдаланувчиларнинг, жумладан, собиқ президент Жаир Болсонарунинг ўнг партиясига алоқадор қонун чиқарувчиларнинг аккаунтларини блоклашдан бош тортган эди.
Судя ди Мораиснинг сўзларига кўра, ўчириб ташланиши керак бўлган аккаунтлар орқали ёлғон ва ноқонуний маълумотлар тарқатилган. Ўз навбатида, Илон Маск судяни цензурада айблади.
Мавзуга оид
22:52 / 24.12.2024
Бразилияда илгари ҳеч қачон қайд этилмаган ҳиндулар қабиласи аниқланди
22:12 / 23.12.2024
2024 йилнинг энг омадсиз валютаси маълум қилинди
10:00 / 16.12.2024
Ўзбекистон Бразилияга илк бор блок-поезд жўнатди
14:45 / 11.12.2024