Жаҳон | 15:50 / 03.09.2024
3344
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда 17 та маймун ўлими бўйича тергов олиб борилмоқда

Жониворларни маҳаллий аҳоли томонидан ёлланган мерганлар отиб ўлдирган бўлиши мумкин.

Фото: Getty Images

Ҳиндистон ўрмон хизмати Чҳаттисгар штатининг Бенгаон қишлоғида 18−19 бош маймуннинг ўлими бўйича текширув бошлади ва жониворлардан тўрттасининг чириган жасадини аниқлади, деб хабар бермоқда NDTV канали. ОАВ аниқлик киритишича, қишлоқ панчаяти (Ҳиндистондаги маҳаллий бошқарув органи) вакили Ситарам Верма камида 17 та маймун отиб ўлдирилганини маълум қилган. У ҳокимиятни ушбу ҳодисани яширишга уринишда айблади.

Айбловларга жавобан ўрмон хизмати маймунлар ўлимининг аниқ сабаби ҳали номаълум экани, гумонланувчилар сўроқ қилинаётганини таъкидлади.

NDTV қўшимча қилишича, тахминан 28 август куни икки киши ҳайвонларга қарата ўқ узган. Тахминларга кўра, маҳаллий аҳоли вакилларидан айримлар маймунлар тўдасини қишлоқдан ҳайдаб чиқариш учун мерганларни ёллаган. Жониворлар одамларнинг уйига кириб, боғлардаги экинларга зарар етказган. Верманинг айтишича, бир неча маймун яраланган. У қишлоқдошларининг ҳайвонларни бундай усулда қувиш қарорини қоралади ва маймунлар Ҳиндистонда Хануман худоси тимсоли сифатида эъзозланишини эслатиб ўтди.

Верманинг сўзларига кўра, воқеа ҳақида штат маъмурларига хабар берилган, аммо улар воқеадан икки кун ўтибгина қишлоққа ташриф буюрган.

 “Бир неча маймуннинг жасадини дайди итлар еб кетди. Ўрмон хизмати етти маймуннинг чириган жасади ва скелетларини йиғиб олди. Яраланган ҳайвонларнинг баъзилари ҳалок бўлди, баъзилари қочиб кетди”, - дея қўшимча қилди у.

Мавзуга оид