Сикорский: Полша Украина осмонида ракеталарни уриб туширишга мажбур
Полша ташқи ишлар вазирининг фикрича, Варшава Россия ракеталарини Полша ҳаво ҳудудига кириб келишини кутмасдан, Украинанинг чегара ҳудудлари осмонида уриб тушириши керак.
Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорскийнинг айтишича, Варшава Россия ракеталарини Украинанинг ғарбий ҳудудлари осмонида, уларнинг мамлакат ҳаво ҳудудига кириб келишини кутмасдан уриб туширишга мажбур. Бу ҳақда Британиянинг Financial Times нашри 2 сентябр, душанба куни вазирнинг бевосита нутқига таяниб ёзди. «Мен шахсан ишонаманки, душман ракеталари бизнинг ҳаво ҳудудимизга кирганда, ўзини ҳимоя қилиш, уларга зарба бериш қонуний бўлади, чунки улар бизнинг ҳаво ҳудудимизга кирганда, вайроналар кимнидир жароҳатлаши мумкин», - деди Сикорский.
Бундай ҳаракатлар билан Полша ўз фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаши керак, деди мамлакат ТИВ раҳбари. Сикорский Украина билан чегарадош бошқа Европа давлатларини ҳам Россия ракеталарини ҳаво ҳудудига киргунга қадар йўқ қилишга чақирди.
Аввалроқ Киев ўзининг ғарбий иттифоқчиларини Украина ғарбини НАТОга аъзо давлатлар ҳудудидаги ҳаво мудофаа тизимлари билан ёпишга, шунингдек, Украина узра парвозлар тақиқланган ҳудудни яратишга чақирган эди. Бироқ Шимолий Атлантика алянси бундай чоралар Россия Федерацияси ва НАТО ўртасида тўғридан тўғри можарога олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди.
Россиянинг Украинага ҳужуми туфайли Полша ҳарбий самолётларини ҳавога кўтарди
26 августга ўтар кечаси Россиянинг Украинага уюштирган йирик ракета ҳужумлари фонида мамлакат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Полша ва НАТО иттифоқчиларининг ҳарбий самолётлари осмонга кўтарилди. Ўшанда Россия ҳужуми натижасида Украинанинг 15 минтақаси зарар кўрди. Полша қуролли кучларининг оператив қўмондонлиги мамлакат жануби-шарқидаги шовқин даражаси Полша ва иттифоқчилар авиацияси иши туфайли ошиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Ўша кечаси Россиянинг камикадзе-дрони Полша ҳаво ҳудудига учиб кирди. Полша ҳарбийлари уни об-ҳаво шароити туфайли уриб туширмаган. «Українські новини» агентлиги хабар беришича, 28 август куни Полша бош вазири Доналд Туск Варшава Россиянинг учувчисиз учоқлари ўз ҳудудига учиб кирса, уриб туширмаслигини айтди. Кейинроқ Полша мудофаа вазирлиги Россия ракеталари ва дронларини Украина ҳудуди узра уриб туширишдан бош тортди, деб ёзади Полша радиоси.
Мавзуга оид
23:01 / 24.12.2024
Полша мактабларида ўқ отиш бўйича мажбурий машғулотлар жорий этилади
00:37 / 24.12.2024
Тошкент ва Навоийда хорижга ишга юборишни ваъда қилганлар ушланди
12:41 / 21.12.2024
Полша собиқ амалдорига Венгрияда бошпана берилганидан норози
22:34 / 18.12.2024