Ўзбекистон | 22:31 / 04.09.2024
10142
2 дақиқада ўқилади

Қўшработ ҳокими ўринбосарларини ҳақоратлагани учун интизомий жазога тортилди

Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани ҳокими Дилшод Шакарбоев икки ўринбосарини ҳақорат қилди. Бу ҳаракати учун унга Самарқанд вилояти ҳокими фармойиши билан ҳайфсан берилган. 

Дилшод Шакарбоев

Ижтимоий тармоқларда Қўшработ тумани ҳокими Дилшод Шакарбоевнинг ўз ходимларини ҳақорат қилган аудиоёзуви тарқалди. Ҳолатга вилоят ҳокимлиги расмий муносабат билдириб, ҳокимга интизомий жазо қўлланганини маълум қилди.

«Мазкур ҳолатга вилоят ҳокимлигининг тегишли масъуллари томонидан аниқлик киритилди. Самарқанд вилояти ҳокимининг тегишли фармойиши билан Қўшработ тумани ҳокими Шакарбоев Дилшод Давроновичга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланди», дейилади вилоят ҳокимлиги муносабатида.

Аудиоёзувда туман ҳокими қурилиш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосарларини турли ҳақоратли сўзлар билан сўкканини эшитиш мумкин. Жумладан, Шакарбоев 400 млн сўмга битта маҳалла тўлиқ битиши, буни Маҳалла уюшмасидагилар ҳам тасдиқлаганини айтган ва қурилиш масалалари бўйича ўринбосарини ҳақоратлаган.

«Эрталаб ҳаммасини олиб бор, эй ноинсоф б...т, ҳаммасини олиб бор ўша ерга! Фақат мен айтган одамни топиб олди булар, ўзинг топ деяпман битта қурувчи, эй ноинсоф, қурилиш бўйича ўринбосар-ку сен», деган ҳоким.

Шунингдек, у камбағаллик бўйича ўринбосарини «эшак» деган ҳамда уятсиз сўзлар билан ҳақоратлаган. 

Маълумот учун, Дилшод Шакарбоев 2022 йил июн ойидан буён Қўшработ туманига ҳокимлик қилади. Бунгача у Самарқанд вилояти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.

Мавзуга оид