Фан-техника | 21:51 / 05.09.2024
3127
2 дақиқада ўқилади

Tesla 2025 йилда Хитой ва Европа бозорларига «автопилот» тизимини олиб кирмоқчи

Хориж бозорлари биринчи ярим йилликда Tesla даромадининг қарийб ярмини таъминлади, хусусан, унинг 20 фоизи Хитой ҳисобига тўғри келди.

Фото: Tesla

Американинг Tesla компанияси регуляторлар томонидан рухсат бериладиган бўлса кейинги йилдан ҳайдовчига ёрдам берувчи Full-Self Driving (FSD, «автопилот») тизимини Хитой ва Европа бозорларига киритишни режалаштирмоқда.

Июл ойида компания раҳбари Илон Маск Европа, Хитой ва бошқа FSD (Supervised) жорий йил охиригача тасдиқланиши кутилаётганини айтганди. Ҳозирда тизимдан АҚШ ва Канадада фойдаланилади.

Маскнинг сўзларига кўра, Tesla ушбу тизимни бошқа автомобил ишлаб чиқарувчилар билан лицензиялашни муҳокама қилган.

Ўз номига қарамай FSD машинани тўлиқ автономга айлантирмайди ва доимий назоратни талаб қилади. Хориж бозорлари биринчи ярим йилликда Tesla даромадининг қарийб ярмини таъминлади, хусусан, унинг 20 фоизи Хитой ҳисобига тўғри келди.

Апрел ойида Tesla Euro NCAP — Европада сотиладиган транспорт воситаларини сертификатлашга масъул орган вакилларига FSD имкониятларини намойиш этганди. Ундан олдин эса Илон Маск FSD’ни ҳаракатланиш чап томонлама бўлган давлатлар шароитида Tesla электромобилларини бошқаришга ўргатишини маълум қилган эди.

Мавзуга оид