Жаҳон | 12:40 / 07.09.2024
2055
3 дақиқада ўқилади

АҚШда олти россиялик Украина давлат сайтларига ҳужумда айбланди

Уруш арафасида «ГРУ»нинг беш нафар зобити ва бир нафар россиялик фуқаро Украина ҳукумати веб-сайтларини бузиб кириб, украиналикларни ўз маълумотлари бўйича хавотирга солиб қўйган, дея маълум қилди АҚШ Адлия вазирлиги.

Фото: Getty Images

5 сентябр, пайшанба куни АҚШда олти нафар россиялик компютерни бузиш ва фирибгарлик билан шуғулланганликда айбланди. АҚШ Адлия вазирлиги ўз сайтида маълум қилишича, расмийларга кўра, айбланаётган беш нафар шахс «ГРУ» 29155-ҳарбий қисми ходимларидир.

Бу Юрий Денисов - Россия қуролли кучлари полковниги ва 29155-сонли кибероперация бўлинмаси қўмондони, шунингдек, Россия қуролли кучларининг кибероперациялар билан шуғулланган ва 29155-бўлинмасига тайинланган тўрт нафар лейтенант: Владислав Боровков, Денис Денисенко, Дмитрий Голошубов ва Николай Корчагин, дейилади пресс-релизда.

Олтинчи шахс Амин Стигал бўлиб, у аввалроқ компютерни бузишга алоқадорликда айбланган. Энди уларга фирибгарлик айблови қўшилди, дея аниқлик киритди АҚШ Адлия вазирлиги.

Мэриленд штати судялар ҳайъатининг айблов хулосасида айтилишича, Россиянинг Украинага ҳужуми арафасида россияликлар «Украина фуқаролари орасида ҳукумат тизимлари ва шахсий маълумотлари хавфсизлиги ҳақида хавотир уйғотиш» учун Киевдаги ҳукуматга алоқадор веб-сайтларга бузиб кириш ниятида бўлган.

АҚШ чеченистонлик ҳакерни Украина давлат сайтларига ҳужумда айблади 

Аввалроқ АҚШнинг Мэриленд штатидаги судялар ҳайъати 22 ёшли Россия фуқароси Амин Стигални Украина ва унинг иттифоқдошлари, жумладан, АҚШдаги бир нечта давлат идоралари компютер тизимларига бузиб киришга уринганликда айблади. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлигининг 26 июн куни чоп этилган пресс-релизида айтилган.

Адлия вазирлиги матнига кўра, Стигал Россия ҳарбий разведкаси («ГРУ») билан Россиянинг Украинага тўлиқ ҳужуми бошланишидан бир ой кўпроқ вақт олдин тил бириктирган. Стигал айбланаётган Украина IT-тизимларига ҳужум 2022 йил 14 январга ўтар кечаси содир бўлган. WhisperGate зарарли дастури ёрдамида Украина ҳукумати, Ташқи ишлар вазирлиги, Спорт вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Аграр сиёсат вазирлиги, Фахрийлар ишлари вазирлиги веб-сайтлари, шунингдек, давлат ғазначилиги ва давлат хизматлари веб-сайтларига ҳужум қилинган. Кейинчалик, прокуратуранинг фикрича, Стигал Украина иттифоқчилари тизимларига ҳужум қилган.

Мавзуга оид