Кузда кўз касалликлари авж олиши сабаби тушунтирилди
Куз келиб, ҳаво ҳарорати пасайгач, иммунитет сустлашиб, шамоллашга мойиллик ортади. Қолаверса, бу пайтда кўз билан боғлиқ турли мавсумий касалликлар авж олади.
Кўз касалликларидан сақланиш учун нима қилиш керак? Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов бу борада бир қанча тавсияларни берди.
— Кузда ҳароратнинг ўзгариши, шамоллар ва ҳаво намлигининг пасайиши кўз билан боғлиқ турли касалликлар хавфини оширади. Шунингдек, бу даврда ўсимликлар ва дарахтларнинг чанг чиқариши энг юқори даражада бўлади. Оқибатда одамлар орасида аллергик реакциялар, хусусан, вирусли конъюнктивит ва мавсумга хос бошқа кўз муаммолари кўп учрайди. Улардан бири аллергик конъюнктивитдир, деди мутахассис.
Қайд қилинишича, ушбу касалликнинг асосий сабаби ҳашаротлар, ўсимлик чанглари ва бошқа аллергия чақирувчи омиллардир. Хасталик қўзғаганда беморда кўзнинг қизариши, ёшланиши ва қичишиш кузатилиб, унда ёт нарса бордек туюлади.
Хасталикдан ҳимояланиш учун кўзойнак тақиш, хонадаги ҳаво филтрларидан фойдаланиш, аллергияга қарши дори воситаларини шифокор маслаҳати билан қабул қилиш лозим.
Бундан ташқари, ушбу фаслда кўп учрайдиган яна бир касаллик қуруқ кўз синдроми бўлиб, унга ҳаво совуши ва шамоллар кучайиши сабаб бўлади. Қолаверса, ҳаво намлигининг камайиши ҳам кўзнинг қуруқлигига таъсир қилади.
Хасталик пайти беморда кўз қичишиши ва қуриши, унда ёт нарса бордай ҳис қилиш, ёруғликка сезгирлик ҳамда кўришнинг вақти-вақти билан хиралашиши кузатилади. Қуруқ кўз синдромидан сақланиш учун шифокор тавсияси асосида махсус ёш томчиларидан фойдаланиш, компютер ёки смартфон билан узоқ вақт ишлаганда ҳар 20 дақиқада танаффус қилиш, намлагичлар орқали хонада ҳаво намлигини таъминлаш керак.
Шифокорнинг таъкидлашича, куз фасли вирусли инфекциялар учун ҳам қулай давр ҳисобланади. Шу боис бу пайтда кўпчилик инсонларда яна бир кўз касаллиги — вирусли конъюнктивит қўзғайди. Ушбу хасталик вируслар орқали юқади ва жуда тез тарқалиши мумкин. У кўз қизариши, қичишиш, бош оғриғи ва томоқ оғриғи каби умумий вирусли касалликлар билан бирга намоён бўлади. Касалликнинг олдини олиш учун шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш — қўлларни тез-тез ювиш, кўзга тегмаслик, агар вирусли инфекция белгилари сезилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади.