Ўзбекистон | 09:06 / 07.09.2024
4166
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қўшма аксилтеррор машқлари бўлиб ўтди

Ўзбекистон ДХХ ҳарбий полигонида МДҲ Аксилтеррор маркази кўмагида Ҳамдўстлик ваколатли органларининг “Шарқ-Аксилтеррор – 2024” қўшма аксилтеррор машқлари ўтказилди.

Фото: ДХХ

Ундан кўзланган асосий мақсад террорчилик ҳаракатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, чегара хавфсизлигига рахна солувчи террорчилик таҳдидларини зарарсизлантириш ва оммавий тартибсизликларни бартараф этиш бўйича қўшма тадбирларни ўтказишда МДҲга аъзо давлатлар ваколатли органлари фаолиятини такомиллаштиришдан иборат.

Аксилтеррор машқларига ШҲТ ва МДҲга аъзо давлатлар ваколатли органлари раҳбарлари ва вакиллари, манфаатдор халқаро ташкилотлар ваколатли тузилмалари кузатувчилари таклиф этилди.

Муҳим инфратузилма объектларида гаровга олинганларни озод қилиш ва шартли террорчиларни зарарсизлантириш сценарийларини синовдан ўтказиш доирасида махсус ва ҳарбий техникалар, жумладан авиация ва учувчисиз учув аппаратларидан фойдаланилди.

Тадбирга ДХХ, ИИВ, ФВВ, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги махсус бўлинмалари, шунингдек Бош прокуратура ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари жалб қилинди.

Кузатувчилар эътиборига ноқонуний қуролланган террорчилик гуруҳларини йўқ қилиш бўйича махсус ҳарбий операция элементлари ҳамда оммавий тартибсизликларни бостириш ва инқирозли вазиятларни бартараф этиш чоралари ҳавола этилди.

Ўтказилган ўқув машқлари давомида шартли террорчилик гуруҳларини зарарсизлантиришга жалб этилган куч ва воситаларнинг юқори даражадаги тайёргарлиги, вазирлик ва идораларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатлари намойиш этилди.

“Шарқ-Аксилтеррор – 2024” қўшма аксилтеррор машқлари Ҳамдўстлик давлатлари махсус хизматлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик муҳим эканини кўрсатди. Машқлар қўшма аксилтеррор тадбирларини режалаштириш ва ўтказиш тажрибасини такомиллаштиришга ҳисса қўшди, террорчилик ҳаракатларини аниқлаш ва уларга чек қўйиш, жамоат тартибини таъминлаш бўйича келишилган ҳаракатлар шакллари ва усулларини ишлаб чиқиш имконини берди.

Ушбу аксилтеррор машқлари МДҲ Аксилтеррор маркази кўмаги остида ўтказилган бу каби тадбирларнинг йигирманчиси бўлиб, уларнинг 6 тасида Ўзбекистон иштирок этган.

Мавзуга оид