Ўзбекистон | 17:51 / 07.09.2024
2619
8 дақиқада ўқилади

Тошкентда "ЎзЛиДеП"нинг биринчи Конгресси бўлиб ўтди

Конгрессда партиянинг сайловга тайёргарлик масалалари ва янги сайловолди дастури лойиҳаси муҳокама қилинди.

Фото: ЎзЛиДеП

2024 йил 7 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг

I Конгресси бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар кенгашларидан сайланган делегатлар, Сиёсий Кенгаш, Марказий тафтиш комиссияси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Конгрессда партиянинг ўтган 5 йиллик фаолияти таҳлили,  истиқболдаги режалари муҳокама қилинди. Шунингдек, муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа — бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ ишлар атрофлича кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, партия аъзолари сони 2020 йил бошидаги 745 минг нафардан деярли 2 баробарга ортиб, ҳисобот даврида 1 млн 600 мингдан зиёдга етди.

Бугун, ЎзЛиДеП Ўзбекистоннинг сиёсий саҳнасида энг кўп сонли аъзолар ва тарафдорларига эга бўлган, фаровон ҳаётни таъминлашда етакчи ўринга эга халқчил партияга айлана олди.

Ҳисобот даврида ЎзЛиДеПнинг энг ёрқин ташаббусларидан бири Конституциямизни ислоҳ қилиш ғояси билан сиёсий майдонга чиққани ва фаол эштирок этганлиги эътироф этилди. Конституциядаги янги нормалар “инсон – жамият – давлат” концепциясига қатъий амал қилинган ҳолда тайёрланди.

Парламентдаги ЎзЛиДеП фракцияси депутатлари партия сайловолди дастуридаги мақсад ва ғояларини амалга оширишга қаратилган 200 дан ортиқ қонунлар қабул қилинишида фаоллик кўрсатишди. Шу билан бирга 41 та қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фракция депутатлари ташаббускор бўлишди. Хусусан, Солиқ, Божхона, Ер ва Шаҳарсозлик кодекслари янгича бизнес муҳитини рағбатлантирадиган нормалар билан бойитилиб, янада либераллаштирилди.

Партия сайловолди дастуридан алоҳида ўрин олган бизнес юритиш учун қўшимча қулайликлар яратувчи ва ҳуқуқий кафолатларни таъминловчи Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, таъсирчан парламент назоратини амалга оширишга катта эътибор қаратилиб, ушбу назорат шаклларидан самарали фойдаланилди.

12 маротаба “Ҳукумат соати”, 6 марта “Парламент эшитуви” ўтказилгани баробарида 11 марта тегишли вазирлик ва идораларга “Парламент сўрови” юборилиб, улар бўйича ахборотлар тингланди. Электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 730 та депутатлик сўровлари юборилди.

Ўтган вақт мобайнида маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари ҳам фаол иш юритди. Улар томонидан 10 минг маротаба ҳудудий ижро органлари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди, 53 мингдан зиёд депутатлик сўрови юборилди.

Конгресс иши давомида партиянинг келгуси беш йилликдаги муҳим стратегик ҳужжати бўлган янги Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, «Ўзбекистон – 2030» Стратегиясини тўлиқ амалга ошириш масъулиятини зиммасига олган етакчи сиёсий куч сифатида парламент сайловларига 5 мақсад – 500 вазифани ўз ичига қамраб олган янги дастур билан кириб бормоқда.

ЎзЛиДеП “Эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида барқарор иқтисодий ўсиш орқали ҳар бир инсон, оила ва жамият фаровонлигига эришишни асосий мақсадлардан бири сифатида белгилаган.

Партия Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида қисқа вақт давомида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжмандларга кўмаклашиш, очиқлик сиёсатини юритиш, мамлакат иқтисодиёти ва халқаро нуфузини ошириш бўйича тарихий ислоҳотлар амалга оширилганлигини эътироф этган ҳолда бу борадаги ишларни изчил ва қатъий давом эттириш жонажон Ўзбекистонни юксалтиришнинг ягона тўғри йўли деб ҳисоблайди.

ЎзЛиДеП мана шу улуғвор йўлда янада қатъий бўлиб, мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёевнинг партия XI съездида эълон қилган Сайловолди дастури ҳамда «ЎЗБЕКИСТОН – 2030» Стратегиясини тўлиқ амалга ошириш масъулиятини зиммасига олган етакчи сиёсий куч сифатида бундан буён ҳам фаол ҳаракат қилади.

Партия иқтисодий йўналишда либерал тамойилларга асосланган эркин бозор муносабатларини қўллаб-қувватловчи ташаббусларга содиқ қолган ҳолда, бизнес юритишни янада соддалаштириш, лицензиялар сонини

2 бараварга қисқартириш, мингга яқин бюрократик талабларни бекор қилиш, солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, тадбиркорлар учун солиқ тўлашда адолатли шароитлар яратиш каби вазифаларни белгилаб олмоқда.

Шу билан бир қаторда, партия Сайловолди дастурида мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилга бориб 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни эса 4 минг долларга етказиш, саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 45 млрд долларга етказиш ва 2,5 млн юқори даромадли иш ўринларини яратиш, келгуси 5 йилда иқтисодиётда нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш бўйича аниқ вазифалар ҳам акс этган.

Партия сифатли таълим, тиббиёт ва кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаш борасида камбағаллик кўламини икки карра камайтиришни устувор вазифа сифатида қўяр экан, бунинг учун беш йилда камида

1 миллион фуқарони бозори чаққон касбларга ўргатиш, қўшимча 2,5 млн ўқувчи ўрнини яратган ҳолда таълим сифатини тубдан яхшилаш, тиббиётга ажратиладиган йиллик маблағлар ҳажмини 2 карра ошириш, “Ҳар бир оила ўз уйига эга бўлсин” деган шиорини татбиқ қилган ҳолда

1 миллион хонадонли уй-жойлар қуриш каби ташаббусларни илгари сурмоқда.

ЎзЛиДеП халқ хизматидаги адолатли, замонавий давлатни барпо этиш борасида давлат хизматларининг камида 300 тасини (40 фоизини) хусусий секторга ўтказиш ва фуқароларнинг шахсий иштирокини

2 баробарга қисқартириш, маҳаллаларни “бир қадам” тамойили асосида фуқароларнинг мурожаатларини ҳал этиладиган масканга айлантириш, тадбиркорлар фаолиятига белгиланган ҳоллардан ташқари аралашгани учун мансабдор шахслар жавобгарлигини кучайтириш масалалари ҳам дастурда кўзда тутилган.

Конгресс делегатлари янги Сайловолди дастури лойиҳасини маъқуллашди ва унинг ижросини таъминлашда фаол иштирок этишга тайёр эканликларини билдиришди.

Конгрессда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловида фаол иштирок этиш масалалари муҳокама қилинди. Номзодларни кўрсатиш жараёни партиянинг келгуси фаолияти учун муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнда қабул қилинган қарорлар партиянинг сайловлардаги муваффақиятини белгилайдиган омиллардан бири ҳисобланиши қайд этилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига бир мандатли округлар (мажоритар тизим) бўйича 75 нафар, партиявий рўйхат (пропорционал тизим) бўйича 100 нафар номзодлар кўрсатилди.

Номзодларнинг 43 фоизи аёллардан иборат бўлиб, барча 175 нафар номзод олий маълумотга эга, уларнинг 63 фоизини тадбиркор ва фермерлар, иқтисодиёт соҳаси вакиллари, 25 фоизини фан, таълим, маданият ва ижтимоий соҳаси вакиллари, 12 фоизини ҳуқуқшунослар ташкил этади. Шунингдек, номзодларнинг 19 нафарида фан номзоди (PhD) ва 12 нафарида фан доктори (DSc) илмий даражаси мавжуд.

Конгрессда таъкидланганидек, барча номзодлар ҳақидаги ҳужжатлар белгиланган тартибга мувофиқ Марказий сайлов комиссиясига рўйхатдан ўтказиш учун топширилади.

ЎзЛиДеП сайловолди ташвиқотида тубдан янгича ёндашишни кўзда тутган стратегияси дорасида партия халқнинг ичига янада фаолроқ кириб бориши, уйма-уй юриб, ҳар бир хонадонга кириб чиқишни, ҳар бир сайловчига партия ғояларини етказишни мақсад қилиб қўйган.

Муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Мавзуга оид