Жаҳон | 23:03 / 12.09.2024
2317
2 дақиқада ўқилади

Ветнамда «Яги» тайфуни оқибатида ҳалок бўлганлар сони 200 кишига яқинлашди

Қурбонлар сони Лаокай провинциясида жойлашган Ланг Ну қишлоғини сув тошқини ювиб кетганидан кейин бирданига ошиб кетди.

Фото: AFP/Getty Images

Ветнамда салкам 200 киши «Яги» супертайфуни оқибатида ҳалок бўлди, шунингдек, 125 нафардан ортиқ фуқаро кутилмаган сув тошқинлари ва кўчкилар натижасида бедарак йўқолди, деб хабар беради CNN.

Ветнамнинг VNExpress газетасининг ёзишича, табиий офатлар оқибатида 197 киши ҳалок бўлган, 128 киши бедарак йўқолган, 800 дан ортиқ одам жароҳат олган.

Қурбонлар сони 10 сентябрь куни, Лаокай провинциясида жойлашган Ланг Ну қишлоғини сув тошқини ювиб кетганидан кейин бирданига ошиб кетди. Юзлаб қутқарувчилар омон қолганларни қидириш билан шуғулланяпти, аммо 12 сентябр ҳолатига кўра, қишлоқнинг 53 нафар аҳолиси бедарак йўқолганлар сафида қолмоқда.

«Яги» Жануби-Шарқий Осиё давлатларига сўнгги ўн йилликда ёпирилган энг кучли тайфун бўлди. У 7 сентябр куни қуруқликка ҳам ёйилган бўлиб, шамол тезлиги соатига 149 километргача етган. 8 сентябр, якшанба куни шамол тезлиги бироз пасайганига қарамай, сув тошқинлари давом этган, дарёлардаги сув сатҳи юқорилигича қолган.

Кучли ёғингарчилик Ветнам шимолидаги саноат эксорти билан шуғулланувчи заводларга зиддий зарар етказган.

Аввалроқ Ветнам бош вазири Фам Мин Чин вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият органларини жабрланган ҳудудлардаги турмуш тарзини тезда тиклаш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солишга чақирганди. Унинг таъкидлашича, сув тошқини туфайли ташқи дунёдан ажраб қолган аҳоли пунктларига ҳар қандай ҳолатда ҳам озиқ-овқат, чучук сув ва дори-дармон етказиб бериш керак.

Мавзуга оид