Спорт | 18:15 / 13.09.2024
7727
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Паралимпия ҳаракатининг олтин авлодисиз – Шавкат Мирзиёев

Давлат раҳбари Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган спортчилар билан учрашди.

13 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида Париждаги Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашди.

– Сиз, азиз спортчилар Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган 17-ёзги Паралимпия ўйинларида рекорд натижаларга эришиб, мамлакатимизга мана шундай байрам руҳини олиб келдингиз. Барчангизни оламшумул ютуқ ва натижаларингиз билан ўз номимдан, эл-юртимиз номидан чин юракдан самимий табриклайман, – деди давлат раҳбари сўзининг аввалида.

Ушбу халқаро спорт анжуманида дунёнинг 168 та давлатидан 4 минг 400 га яқин энг кучли ва маҳоратли спортчилар иштирок этгани унинг нуфузи ва миқёси нақадар улкан эканидан далолат беради.

– Шу маънода, Паралимпия ўйинлари – бу чинакам ирода, жасорат ва матонат, эзгулик ва гуманизм намойиши, десак, тўғри бўлади. Сиз, азму шижоатли фарзандларимиз ғоят кескин беллашувларда юксак марраларни эгаллаб, мусобақаларнинг ҳақиқий қаҳрамонларига айландингиз, – деди президент.

Ўзбекистон жамоаси 10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза – жами 26 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 3-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллагани таъкидланди. Паралимпия ўйинларида бундай рекорд натижа илгари ҳеч қачон бўлмагани қайд этилди.

– Бу – сизларнинг тинимсиз меҳнатингиз, букилмас иродангиз, истеъдод ва маҳоратингиз самарасидир. Бу – юртимизда инсон қадрини амалда таъминлашга қаратилган тизимли ишларимиз натижасидир. Ўз Ватанини жону дили билан севадиган, метин иродали, юрагида ўти бор инсонларгина шундай улуғ ишларга қодир бўлади. Халқимиз сизлар билан чексиз фахрланади. Катта раҳмат сизларга, – деди давлат раҳбари.

– Албатта, Паралимпиадада эришилган ҳар бир ютуқ, ҳар бир натижа беқиёс аҳамиятга эга. Чунки тўрт йилда бир марта ўтадиган бундай йирик халқаро мусобақа орқали дунё ҳамжамияти ҳар бир қатнашчи мамлакатда инсоннинг жисмоний ва маънавий салоҳиятини рўёбга чиқаришга қандай эътибор қаратилаётганига баҳо беради. Шу боис, сизлар тарихий ютуқларингиз билан Ўзбекистон шаънини, юртимиз нуфузини юксак босқичга олиб чиқдингиз, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз, – деди президент.

Ҳусниддин Норбеков Ўзбекистон тарихида биринчи марта уч карра Паралимпия чемпиони бўлгани, шу билан бирга янги рекорд ўрнатгани алоҳида таъкидланди. Паҳлавон ўғлонлар Бобиржон Омонов ва Шерзод Намозов ядро улоқтириш ва дзюдо бўйича иккинчи бор олтин медалларни қўлга киритди. Бобиржон паралимпия рекордини ҳам янгилади.

Асила Мирзаёрова узунликка сакраш, Нурхон Қурбонова эса найза улоқтириш бўйича Паралимпия чемпиони бўлгани қаторида жаҳон миқёсидаги рекордларни ҳам янгилади. 15 яшар Шаҳинахон Йигиталиева кумуш медални қўлга киритиб, Паралимпия ўйинларидаги энг ёш совриндор сифатида тарихга кирди.

– Айни вақтда юксак матонатли қизларимиз ҳам Ўзбекистон ғалабасига муносиб ҳисса қўшганлари тўғрисида ҳар қанча ғурур ва ифтихор билан гапирсак арзийди, албатта. Жамоамиз қўлга киритган медалларнинг 11 таси айнан қизларимиз ҳисобига ёзилгани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди, – деди давлат раҳбари.

Таэквондо бўйича терма жамоа биринчи марта Паралимпия ўйинларида 3 та медални қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллади. Енгил атлетика бўйича терма жамоа биринчи марта 8 та олтин медални, яъни энг юқори совринларнинг 80 фоизини эгаллади.

–Бир сўз билан айтганда, сизлар Ўзбекистон Паралимпия ҳаракатининг олтин авлоди сифатида майдонга чиқиб, мамлакатимизга мислсиз улкан ютуқлар олиб келдингиз.Мана, биз мақсад сари чин дилдан интилсак, қандай буюк марраларни эгаллашга қодирмиз! Мана, биз бирлашиб, ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилсак, қандай буюк халқ, қандай буюк Ватанмиз, – деди президент.

Давлатимиз раҳбари қаҳрамон спортчиларнинг ота-оналари, оила аъзоларига эзгу тилак ва ҳурмат билдирди.

– Чиндан ҳам, бу ҳаётда кўп нарсани ҳал қиладиган омил – бу юксак ирода ва матонатдир. Лекин одамнинг қалбига мана шундай ирода ва матонатни сингдириш, уни тарбиялаб, камолга етказиш – бу албатта осон иш эмас. Очиқ айтиш керакки, бундай жасорат ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Ўз олдингизга қўйган мақсадга эришиш йўлида сизларнинг бошқаларга қараганда ўн марта, балки юз марта кўпроқ меҳнат қилишингизга, машаққат чекишингизга тўғри келганини ҳам мен яхши англайман. Мана шундай мураккаб дамларда сизларнинг юрагингизга умид ва ишонч, қатъият ва жасорат туйғусини бағишлаган, сизлар билан ёнма-ён туриб, сизларни доимо қўллаб-қувватлаб, зафарли марралар сари руҳлантирган фидойи инсонлар бор.

Булар – аввало сизларнинг меҳрибон ота-оналарингиз, яқинларингиз, жигарларингиздир. Сизлар эришган ғалабаларда уларнинг ҳам албатта муносиб ҳиссалари бор, – деди президент.

Давлат раҳбари спортчиларнинг ота-оналари, оила аъзоларини ҳам олқишлаб, уларга энг эзгу тилаклари ва ҳурматини билдирди.

Маросимда спортчилар ва уларнинг мураббийларига давлат мукофотлари топширилди. Сўзга чиққан спортчилар, муррабий ва ота-оналар қаратилаётган эътибор ва яратилган шароитлар, эътироф ва рағбат учун миннатдорлик билдирди. Президент уларга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик ва фаровонлик, келгуси фаолиятида янги-янги зафарлар тилади.

Президент 2028 йилда Лос-Анжелесда бўладиган Паралимпия ўйинлари учун тайёргарликни ҳозирдан бошлаш кераклигини таъкидлади.

Мавзуга оид