Жаҳон | 21:06 / 13.09.2024
8267
2 дақиқада ўқилади

Туркий давлатлар учун 34 ҳарфдан иборат умумий алифбо тақдим этилди

Халқаро турк академияси ва Туркий давлатлар ташкилоти томонидан тузилган Турк дунёси умумий алифбо комиссияси 34 ҳарфдан иборат умумий турк алифбоси бўйича ўзаро келишувга эришди.

Фото: sabah.com

Озарбойжонда ўтказилган туркий давлатлар олимлари йиғилишида Халқаро турк академияси ва Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) томонидан тузилган Турк дунёси умумий алифбо комиссияси 34 ҳарфдан иборат умумий турк алифбоси бўйича ўзаро келишувга эришди, деб хабар беради Sabah.

Қайд этилишича, 9-11 сентябр кунлари Бокуда Турк дунёси умумий алифбо комиссиясининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтган. Учрашувнинг асосий мақсади икки йиллик ҳамкорликда тўпланган билим ва тажрибадан фойдаланган ҳолда туркий тиллар учун умумий алифбо моделини ишлаб чиқиш бўлган.

«Олимлар 1991 йилда таклиф этилган лотин алифбосига асосланган «Умумий туркий алифбо» лойиҳасини атрофлича кўриб чиқди. Комиссия аъзолари томонидан мазкур лойиҳани такомиллаштиришга қаратилган таклифлар муҳокама қилиниб, зарур хулосалар чиқарилди. Ушбу машаққатли меҳнат натижасида 34 та ҳарфдан иборат умумий турк алифбоси модели таклифи бўйича келишувга эришилди», — дейилади Халқаро турк академияси хабарида.

Ҳар бир ҳарф туркий тилларда учрайдиган турли фонетик товушни ифодалайди.

«Ушбу учрашувнинг муваффақиятли якунланишини тарихий лаҳза деб ҳисоблаш мумкин. Муштарак туркий алифбо йўналишидаги ишларнинг авж олиши туркий халқларнинг тил меросини асраб-авайлаш, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Барча тегишли муассасалар таклиф этилаётган умумий турк алифбоси моделини амалга оширишни фаол қўллаб-қувватлашга таклиф этилади», — дея таъкидланади хабарда.

Турк тили ва адабиёти ассоциацияси раиси Экрем Эрдемнинг қайд этишича, умумий турк алифбоси туркий дунё учун муҳим қадам ҳисобланади. «Турк алифбосидаги ҳарфлар сонининг 29 тадан 34 тага оширилиши Турк дунёсидаги муштарак сўзларимизнинг жонланишини таъминлайди. Луғатларимиз қайта ёзилади ва сўз захирамиз ва ниҳоят ўз имкониятини намоён этади», — дейди у.

Мавзуга оид