“Дарсга киритмаслик билан қўрқитишяпти” — ТДПУ ягона формани жорий этмоқчи
Тошкент давлат педагогика университетининг бир гуруҳ талабалари ягона мажбурий форма қилинаётганидан норози. Форма талабаларга 250 минг сўмдан сотилаётгани, уни олмаганлар дарсга қўйилмаслик билан қўрқитилгани айтилмоқда.
Kun.uz'га Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг турли босқичдаги бир гуруҳ талабалари мажбурий форма қилинаётганидан эътироз билдириб, мурожаат қилишди.
Таъкидланишича, талабаларга махсус кийим тикилаётгани, уни ҳамма сотиб олиши шартлиги, олмаганлар дарсдан четлаштирилиши айтилган.
“Талабалар ёппасига мажбурий форма сотиб олишга ва кийишга мажбурланмоқда. Форма сифатсиз матодан тайёрланган. Унинг нархи нимча ва юбка билан 250 минг сўм.
Форма киймаганларни 16 сентябрдан дарсга қўймаслик ва “НБ” қўйиш билан қўрқитишмоқда. Классик кийим ва форма ўтмаслигини, мажбурий форма олиниши шартлигини уқтиришди. Талабаларнинг 95 фоизи айнан классик формада, бу ҳолатдан умуман норози. Илтимос, талабаларга ёрдам беринг”, – дейди шахси очиқланишини истамаган талаба.
Мурожаат қилганларнинг яна бири эса бундай ҳаракатлар билан талабалар мактаб ўқувчисидек кўрилаётганини, вояга етган шахслар билан бундай муносабатда бўлишни тўғри деб ҳисобламаслигини билдирди.
“Университет барибир шу “смурфча форма”ни қилди. Ўт тушсин шу формасига, тушунмайман, бизни мактаб ўқувчиси сифатида кўряптими?! 20 ёшли ҳам, 40 ёшли одам ҳам бир хил формада юрадими энди? “НБ”си, давомати, формаси жонимга тегиб кетди. Энди бир хил формаси билан умуман асабга тегяпти. Сочингни йиғ, ундай қил, бундай қил... Ҳатто мактабда ҳам бундай ўқимаган эдим”, – дейди у.
Мурожаатчиларга кўра, ягона мажбурий форма аввалига 180 минг, кейин 230 минг сўмга баҳоланган. Ҳозирга келиб эса 250 минг сўмдан сотилаётгани айтилмоқда.
“Бизга бошида ректордан тортиб, талабагача, ҳамма бир хил форма кияди дейишди. Ҳозир ўқитувчи, деканат, ректоратимиз ўзининг доимий формасини кийиб, фақат университет номи туширилган нишон (значок)ни тақиб юришибди холос. Лекин буларнинг ҳаммаси талабадан форма талаб қиляпти. Бу формага дазмол урса, ялтиллаб қолади. Матоси жуда ҳам нозик”, – дейди талабалардан бири.
Маъмурият: “Янги форма – кадрларнинг маънан, жисмонан, ақлан етук бўлиши учун”
13 сентябр куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ўзининг расмий каналида форма билан боғлиқ эътирозларга муносабат билдириб, унга видео жойлаган.
Лавҳада кўк формадан сотиб олиб кийган қатор талабаларнинг кийимдан норози эмаслиги, ўз ихтиёри билан уни олгани ва бундан мамнунлигига оид фикрлари жамланган.
Олийгоҳнинг ёшлар билан ишлаш, маънавият-маърифат бўлими бошлиғи Мунис Хўжаевга кўра, университет 2024-2025 ўқув йилларида янги имижни яратиш бўйича иш бошлаган.
“Бу формани жорий этишда биз бевосита университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчиларимиз, ишчи ходимларимиз ва шу билан биргаликда талаба-ёшларга ҳам жорий этяпмиз. Мақсадимиз битта – педагогларга қўйилган талаблардан келиб чиққан ҳолда, ўқитувчи-педагоглар нафақат аудиторияда, балки жамоат жойида ўзини тутиши, юриши, ички тартиб-қоидаларга амал қилиши билан боғлиқ бўлган тушунчаларни кўрсатишдан иборат.
Мана шу формани жорий этишдан асосий сабаб – талабалар ўртасида ҳам табақаланишни, турли хил кийимларга кириб кетишнинг олдини олиш ва бир сўз билан айтганда, янги ягона формани жорий этишдан иборат”, – дейди расмий вакил.
Унинг қўшимча қилишича, университетни тамомлаган кадрлар “маънан, жисмонан, ақлан етук бўлиши, ўзининг ижобий фазилатларини намоён этиши учун” янги формани жорий этиш қарорига келинган.
Хўжаев уни кийиш ихтиёрий бўлаётгани, маъмурият тарғибот ишларини олиб бораётганда педагог ва талабалар ўз ташаббуси билан кийимни олишаётганини урғулаган.
Фақат ТДПУда эмас
Kun.uz'га келиб тушган бошқа бир хабарга кўра, форма масаласи Тошкент давлат транспорт университетида ҳам актуал бўлиб турибди. У ерда тарғибот қилинаётган форма нархи қуйидагича белгиланган:
Костюм – 285 минг сўм; кўйлак – 160 минг сўм; шим – 160 минг сўм; юбка – 160 минг сўм; бўйинбоғ – 30 минг сўм; погонли костюм – 25 минг сўм; паголи кўйлак – 25 минг сўм; нишон (значок) – 2 таси 30 минг сўм.
Аввалроқ олий таълим вазири Қўнғиротбой Шарипов форма масаласи таълим сифатига таъсир қилмаслигини айтган, лекин талабаларга форма бўйича талаб қўйилишини маъқуллаган эди.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Мавзуга оид
21:42 / 22.12.2024
Ўзбекистонда ўқишни кўчириш бўйича аризаларни қабул қилиш бошланди
13:50 / 21.10.2024
Ҳиндистон Ўзбекистон ОТМда онлайн смарт-аудиторияларни ташкил этиши мумкин
15:23 / 21.09.2024
“Қўлингдан битта жакет сотволиш келмайдими, уятсизлар...” — ТДПУда форма киймаган талабалар босимга учради
14:49 / 21.09.2024