Жаҳон | 18:20 / 14.09.2024
4357
4 дақиқада ўқилади

Ишчи кучи камайди: Греция демографик фалокатга юз тутмоқда

2022 йилда мамлакатда 77 мингдан кам туғилиш қайд этилган. Бу қарийб юз йилдаги энг паст кўрсаткич. Греция оролларида бармоқ билан санарли кекса аҳоли яшайдиган бўм-бўш қишлоқларни кўриш одатий ҳолга айланган.

Фото: Euronews

Греция оғриқли иқтисодий инқирозни расман тугатиб, молиявий қутқарув дастурларидан чиққанига олти йил бўлгач, мамлакат янги фавқулодда вазият — аҳоли сонининг камайишига дуч келди. Euronews мақоласида бу мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий тузилишига таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланади.

Прогнозларга кўра, 2070 йилга келиб Греция аҳолиси чоракка қисқариши мумкин, бу Европа Иттифоқи бўйича ўртача кўрсаткичдан (4 фоиз) анча юқори.

2022 йилда мамлакатда қарийб юз йилдаги энг паст кўрсаткич — 77 мингдан кам туғилиш қайд этилган. Шу билан бирга, ўлим деярли икки баравар кўпайди. Яқин келажакда ушбу тенденция ўзгаришсиз қолиши кутилмоқда.

“Демографик фалокат келажагимиз учун том маънода экзистенсиал муаммога айланиб боряпти”, — деб огоҳлантирди Греция бош вазири Кириакос Митсотакис.

2021 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўн йил ичида умумий аҳоли сони 3,1 фоизга қисқарганини кўрсатди. Ҳозир мамлакатда 10 миллиондан сал кўпроқ одам истиқомат қилади.

Шу ўн йиллик даврда Греция иқтисодий инқирозни бошдан кечирди. Айнан мазкур инқироз туфайли ярим миллионга яқин грек, айниқса ёш ва маълумотли аҳоли қатламлари, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

Мамлакатда қолганлар ҳалигача ишсизлик юқори, маош кам меҳнат бозорини тиклаш машаққатига дуч келмоқда. Бу эса барқарор карера қуриш ва оила барпо этиш вазифасини янада мураккаблаштиради.

Шимолий Эгей денгизидаги 50 минг аҳоли яшайдиган Ҳиос оролида 30 ёшлар атрофидаги жуфтлик Мария ва Никос журналистлар билан суҳбатлашди. Улар икки йил олдин Грециядан АҚШга кўчиб кетган ва фақат байрамлардагина бу ерга ташриф буюради. Улар муҳожирлик қарорини тушунтирар экан, бунга иқтисодий қийинчиликлар асосий сабаб бўлганини таъкидлади.

“Кунига 10-12 соатлаб ишлашга тўғри келса-ю, хоҳлаганча даромад қилиб бўлмаса, қандай қилиб уй сотиб олиш мумкин? Оилани қандай боқасиз? Бу имконсиз”, — деди Мария.

Никос эса Грецияни қанчалик яхши кўрмасин, ҳатто шароит яхшиланса ҳам, бу ерда ўз келажагини кўрмаётганини таъкидлади.

Ҳиоснинг узоқ миграция тарихи бор: сўнгги бир неча авлод давомида одамлар бошқа жойларда имкониятлар излаб кетишган. Бугунги кунда, айниқса оролнинг шимолий қисмида, бармоқ билан санарли кекса аҳоли яшайдиган бўм-бўш қишлоқларни кўриш одатий ҳолга айланган.

Бу мамлакатнинг қаерга қараб кетаётганини эслатиб турувчи ҳолат, чунки туғилишнинг паст даражаси (бир аёлга 1,32 бола тўғри келиши) ҳамда умр кўриш давомийлигининг ошиши аҳоли сонининг тез суръатларда қисқариши ва кексайишига олиб келмоқда.

Грек иқтисодчиси Никос Веттас ушбу демографик ўзгаришнинг иқтисодий оқибатларига эътибор қаратиб, бу Грециянинг пенсия ва соғлиқни сақлаш тизимларига қўшимча юк ортишини таъкидлади: “Асосий муаммо шундаки, ишлайдиган одамлар сони камаяди. Сўнг бу кам сонли ишчи кучига кўп миқдордаги кексаларни таъминлаш вазифаси юкланади”.

Бироқ Веттас муаммони юмшатиш учун бир қатор чоралар кўриш мумкинлигини қўшимча қилди: “Мамлакатда меҳнат унумдорлигини ошириш, технологияларни жорий этиш керак. Айниқса, юқори унумли иш ўринларига иммигрантлар оқимини рағбатлантириш зарур.”

Муаммонинг долзарблигини эътироф этган Греция ҳукумати 2023 йилда тарихда биринчи бўлиб демографик муаммони ҳал қилиш билан махсус шуғулланадиган вазирлик тузди. София Захараки бошчилигидаги вазирлик бир қатор чора-тадбирларни, жумладан, солиқ имтиёзлари ва янги туғилган чақалоқлар учун давлат нафақаларини кўпайтиришни жорий қилди.

Захараки ушбу чоралар билан муаммони ҳал қилиб бўлмаслигини тан олса-да, бу “Греция дуч келган энг жиддий таҳдид”нинг олдини олиш учун тўғри йўналишдаги қадам эканини таъкидлайди.

Мавзуга оид