Ўзбекистон | 21:26 / 15.09.2024
17477
4 дақиқада ўқилади

Бойсундаги конда заҳарли газ чиқиши тўхтатилди

Бунга икки ҳафтадан ортиқроқ вақт кетди, қудуқни сўндириш ишларида Россия ва АҚШ экспертлари ҳам қатнашган.

Фото: Eriell компанияси матбуот хизмати

Бугун, 15 сентябр куни соат 16:50 да «М-25» конининг 604-сонли қудуғида сўндириш жараёни тугатилди. Бу ҳақда Kun.uz'га Eriell компанияси матбуот хизмати хабар берди.

«Сентябр ойи бошида водород сулфид гази сизиб чиққан «Мустақиллик-25» конида айни дамда 604-сонли қудуқни сўндириш жараёни ўз ниҳоясига етди.

Шу мақсадда сизиб чиқишга қарши ускунанинг қўшимча блоки қурилди ва ўрнатилди. Сўндириш учун қудуқ оғзини тайёрлаш ва боғлаш жараёни ўтказилди. Қудуқ герметикланди ва сўндирилди.
 
Ҳодиса оқибатларини режали бартараф этиш жараёни махсус ташкил этилган штаб назорати остида амалга оширилди. Вазиятни профессионал баҳолаш мақсадида воқеа жойига Ўзбекистон, шунингдек, Россия ва АҚШ экспертларининг ташрифи ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, ҳодиса оқибатларни бартараф этиш давомида аҳоли учун ҳеч қандай хавф бўлмаган», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, барча зарур чора-тадбирлар Очиқ нефт ва газ фаввораларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми, Ўзбекистон Республикаси ФВВ ва «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси билан ҳамкорликда амалга оширилган.

Ишлар барча зарур техника ва ускуналар билан тўлиқ таъминланган ҳолда олиб борилгани қайд этилган.

«Ҳодиса бошидан барча зарур чоралар кўрилган. Хусусан, атрофда жойлашган аҳоли пунктларида ҳаво муҳитини ўлчаш ва мониторинг қилиш учун махсус постлар ўрнатилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, атмосферада зарарли моддаларнинг рухсат этилган максимал концентрациясидан ошиб кетиш ҳолатлари кузатилмаяпти.

Шунингдек, бурғилаш қурилмасининг ишчи майдонини тозалаш ишлари амалга оширилди ва якунланди, таянч майдон махсус техника ва ускуналарни тўлиқ ўрнатиш ва фойдаланиш учун тайёрланди.

Шуни қўшимча қиламизки, «Мустақиллик-25» конини ўзлаштириш алоҳида мураккаблиги билан ажралиб туради, бу ерда халқаро тажрибадан фойдаланилади ва кучайтирилган хавфсизлик чоралари кўрилади, шу жумладан ходимларга доимий йўл-йўриқ кўрсатилади. Углеводородни қазиб олиш тобора мураккаблашиб бормоқда, бу эса доимий равишда янги тажриба ва кўникмаларни талаб қилади», дейилган хабарда.

1 сентябр куни Сурхондарёнинг Бойсун тумани «Кўлқамиш» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конига қарашли 604-сон қудуқда бурғилаш ишларини олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши бошланган эди.

2 сентябрга ўтар кечаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қудуқ яқинидаги аҳоли эвакуация қилингани, вазият тўлиқ назоратга олингани, ваҳимага ўрин йўқлиги ҳақида баёнот берди. Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан воқеа жойига бир гуруҳ масъуллар, хусусан, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов етиб борди.

Кейинги кунлар давомида расмийлар томонидан кон ва қудуқдаги вазият бўйича бирор ахборот берилмади. Газ сизиб чиқишини тўхтатиш учун эса икки ҳафтадан ортиқроқ вақт кетди.

Мавзуга оид