Ўзбекистон | 20:59 / 15.09.2024
7398
7 дақиқада ўқилади

Мирзиёев ва Шолц тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди

Ўзбекистон президенти ва Германия федерал канцлери кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия федерал канцлери Олаф Шолцнинг тор доирада ва делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари федерал канцлернинг Ўзбекистонга ташрифи тарихий аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

- Буни кўп қиррали Ўзбекистон-Германия муносабатларини янада ривожлантиришга алоҳида эътиборингиз ва Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни қўллаб-қувватлашингизнинг далолати сифатида қабул қиламиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари меҳмонларни Германия федератив республикаси ташкил этилганининг 75 йиллиги ва яқинлашиб келаётган Германия бирлиги куни билан самимий муборакбод этди.

Музокаралар давомида кўп қиррали Ўзбекистон-Германия муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўтган йили Берлинда ўтказилган олий даражадаги учрашувлар икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантиришга жиддий туртки бергани таъкидланди.

Барча даражалардаги алоқалар фаоллашди. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард евродан ошди. Германия бизнеси билан ҳамкорлик кенгаймоқда - йил бошидан буён мамлакатимиз иқтисодиётига Германия компанияларининг 800 миллион евролик инвестициялари киритилди.

Июн ойида Тошкентда Ўзбекистон-Германия Ишбилармонлар кенгашининг саккизинчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилди.

KfW банки ва Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг молиявий-техник кўмак лойиҳаларига юқори баҳо берилди.

Ўтган йили Берлин шаҳридаги Янги музейда Ўзбекистон маданий мероси кўргазмасининг ўтказилиши маданий соҳада муҳим воқеа бўлгани, унга Германия пойтахтининг ярим миллиондан ортиқ аҳолиси ва меҳмонлари ташриф буюргани таъкидланди.

Шу йил ёзда Самарқанд шаҳрида Ибн Сино ва Генрих Шиппергес номидаги Тиббиёт фанлари олий мактаби очилгани ҳам мамнуният билан қайд этилди.

Томонлар парламентлар, ҳукуматлар, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги фаол алоқаларни давом эттириш тарафдори эканликларини билдирдилар.

Ташқи сиёсат идораларига Ўзбекистон-Германия муносабатлари даражасини ошириш масаласини кўриб чиқиш, халқаро ва минтақавий муаммолар, жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш топширилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, EХҲТ, Европа Иттифоқи институтлари ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол ҳамкорлик давом эттирилади.

Бугунги саммитга Саноат ва технологиялар бўйича стратегик шериклик дастури тайёрлангани қайд этилди. Германиянинг етакчи компания ва банклари билан умумий қиймати қарийб 9 миллиард евро бўлган ҳамкорлик лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Улар "яшил" энергетика, кимё саноати, ўта муҳим хомашёни ўзлаштириш, машинасозлик, тўқимачилик саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб йўналишларни қамраб олади.

Siemens Energy компанияси билан мамлакатимиз ҳудудларида буғ-газ электр станцияларини қуриш, Linde Group компанияси билан "метанол ороли" барпо этиш ва "яшил" аммиак ишлаб чиқариш, KfW Ipex-Bank иштирокида йирик мис конини ўзлаштириш, Giga Fiber билан мис қазиб олиш ва кабел маҳсулотларини ишлаб чиқариш, AMK Global билан углерод толаси, Guesscon билан қора қурум ва водород ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб лойиҳалар энг муҳим лойиҳалар сифатида қайд этилди.

Насос тизимларини маҳаллийлаштириш, қайта тикланувчи энергетика, тиббий буюмлар ишлаб чиқариш, логистика марказларини ташкил этиш бўйича бир қатор янги лойиҳалар мавжуд.

Ушбу лойиҳаларни тезлаштириш ва қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни рағбатлантиришнинг самарали воситаларини жорий этишга келишилди.

Ташриф давомида ўта муҳим хомашё ресурслари ва иқлим ўзгариши соҳасидаги ҳамкорлик бўйича имзоланадиган битимларнинг аҳамияти таъкидланди.

Ўзбекистон Германия ҳукумати ташаббуси билан тузилган Иқлим клубида иштирок этишдан манфаатдор экани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Германия томонига БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Траст жамғармасини фаоллаштириш режаларини амалга оширишда асосий ҳамкорлардан бири бўлишни таклиф этди.

Германиянинг илғор тажрибаси, билим ва технологияларини жалб қилиш, мутахассислар салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, ушбу йўналишларда ҳамкорлик бўйича кенг қамровли дастурлар тайёрлашга келишиб олинди.

Транспорт ва логистика, самарали қуруқлик ва ҳаво йўлакларини ривожлантириш, транспорт харажатларини камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон раҳбари Lufthansa авиакомпаниясининг мамлакатимизга тўғридан тўғри парвозларини қайта йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этди.

Ўзбекистон ва Германия ҳудудлари ўртасидаги шериклик муносабатларини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Йил бошидан буён Германиянинг иккита федерал ўлкаси вакиллари мамлакатимизга ташриф буюрди. Йил охиригача Берлин, Бавария ва Тюрингия делегацияларининг ташрифи кутилмоқда.

Ташриф давомида меҳнат миграцияси соҳасида шаффоф ва тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган битим имзолангани мамнуният билан таъкидланди.

Масъул идоралар даражасида талаб юқори бўлган ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш ва Германияга юбориш бўйича амалий ҳамкорлик "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Германиянинг дуал таълим тизимини Ўзбекистон ҳудудларида кенг жорий этишга қизиқиш билдирилди. Етакчи университетлар ўртасида таълим ва илмий алоқаларни ривожлантириш учун икки мамлакат олий ўқув юртлари форумини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Ўзбекистон томони қўшма дастурларни амалга ошириш, Германия олий таълим муассасаларининг факультетлари ва филиалларини очиш учун барча шароитларни яратишга тайёрлигини билдирди.

Ташриф доирасида Бошқарув кадрларини тайёрлаш қўшма мактаби ишга туширилиши қайд этилди.

Ўзбекистон президенти ёшларимизнинг немис тилига қизиқиши юқори эканини, бу тилни 300 мингга яқин йигит-қиз ўрганаётганини таъкидлади. Яқинда андижонлик мактаб ўқувчиси Райёна Иброҳимова немис тили бўйича Жаҳон олимпиадасида ғолиб бўлгани бунга ёрқин мисолдир.

Германия томони мамлакатимиз ҳудудларида тил ўрганиш ва ўқитувчилар тайёрлаш дастурларини кенгайтиришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Маданий ҳамкорлик бўйича аралаш комиссия фаолиятини қайта тиклаш таклиф этилди.

Учрашув якунида қабул қилинган қарорлар ва имзоланган битимларни амалга ошириш бўйича қўшма "йўл харитаси"ни тайёрлаш ва қабул қилишга келишиб олинди.

 

 

 

 

 

Мавзуга оид