Жаҳон | 14:40 / 16.09.2024
1946
3 дақиқада ўқилади

Германия чегараларида умумий танланган назорат жорий этиляпти

Нэнси Фезер жорий этилган чорани тартибга солинмаган миграцияни чеклаш зарурати билан изоҳлади. У чегара назорати Германия чегараларида узоқ тирбандликларга олиб келмаслигига ваъда берди.

Фото: IMAGO/Revierfoto

Германия 16 сентябрда кенгайтирилган чегара назоратини бошлаши олдидан ички ишлар вазири Нэнси Фезер ушбу чорани ҳимоя қилиб чиқди ва бу чегараларда узоқ тирбандликларга олиб келмаслигига ваъда берди. «Биз тартибсиз миграцияга чек қўйишимиз, контрабандачиларни тўхтатишимиз, жиноятчиларнинг қўлини боғлашимиз, радикалларни аниқлашимиз ва тўхтатишимиз керак», деди у 15 сентябр, якшанба куни чоп этилган ҳафталик Bild am Sonntag газетасига берган интервюсида.

Полша ва Грециянинг кескин танқидлари остида Фезер шундай таъкидлади: «Биз Европага зарар етказадиган чораларни кўрмаяпмиз, биз қўшниларимиз билан яқин ҳамкорликда ҳаракат қиляпмиз, чунки танланган назорат туфайли узоқ тирбандликлар бўлмайди. Ҳозирги вазият буни талаб қилмоқда. Биз ақлли назоратни жорий қилмоқдамиз».

Барча қуруқликдаги чегараларда назорат

Фезернинг буйруғига кўра, 16 сентябрдан бошлаб Германиянинг барча қуруқликдаги чегараларида муҳожирларнинг мамлакатга назоратсиз киришига чек қўйиш мақсадида чегара назорати жорий этилади. Ушбу чора олти ойга олдиндан режалаштирилган. Франция, Дания, Белгия, Нидерландия ва Люксембург билан чегараларда танланган назорат жорий этилмоқда.

Ушбу режим Австрия, Полша, Чехия ва Швейцария билан чегараларда ҳозир ҳам амал қилади. Олимпиада муносабати билан жорий қилинган назорат Франция билан чегарада кучга кирган. Умуман олганда, бундай чегара назорати Шенген ҳудудида кўзда тутилмаган. Уни жорий этиш ҳар сафар Европа комиссияси билан келишиб олиниши керак.

Мухолифатдаги Христиан-демократик иттифоқ раиси Фридрих Мерц ҳукуматни йил охиригача кўрилган чора-тадбирлар самарадорлиги ҳақида шаффоф ҳисобот тақдим этишга чақирди. Иттифоқ барча бошпана изловчиларнинг аризалари Германия чегараларида вақтинчалик рад этилиши кераклигини таъкидлайди. Дублин келишувига кўра, одамлар Европа Иттифоқига биринчи кирган жойдан бошпана олиши лозим. Бундай чора «қонуний жиҳатдан ҳам, амалда ҳам мумкин, мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда эса, ҳатто сиёсий жиҳатдан ҳам зарур», деди Мерц.

Мавзуга оид