Фан-техника | 21:48 / 18.09.2024
6078
2 дақиқада ўқилади

Xiaomi смартфон ишлаб чиқариш бўйича Apple компаниясини ортда қолдирди

Биринчи ўринни Samsung эгаллаб турибди.

Фото: nextpit

Хитойнинг Xiaomi компанияси сўнгги 8 ой ичида Apple корпорациясини ортда қолдириб, дунёдаги иккинчи йирик смартфон ишлаб чиқарувчиси бўлди. Samsung биринчи бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Counterpoint Research тадқиқот агентлиги ҳисоботида қайд этилган.

Хитой компаниясининг сотувлари ушбу давр мобайнида барқарор сақланиб қолди, Apple эса мавсумий пасайишни бошдан кечирди. Бундан ташқари, Xiaomi 2022-2023 йилларда юзага келган таъминот занжиридаги муаммоларни енгишга муваффақ бўлди, бу эса ишлаб чиқариш ҳажмини оширди.

Шу билан бирга, Xiaomi 2024 йил биринчи ярмида энг тез ривожланаётган брендлардан бирига айланди. Ҳисоботда айтилишича, унинг савдоси йилига 22 фоизга ошган.

Мутахассисларнинг фикрича, корпорация муваффақиятига ҳар бир нарх оралиғида юқори сифатли смартфонлар яратиш ва ҳамёнбоп нархда флагманлар ишлаб чиқариш истаги таъсир қилган. Бу Ҳиндистон, Лотин Америкаси, Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ ва Африкада савдо ҳажмининг ошишига олиб келди.

Агентлик, шунингдек, 2024 йил иккинчи чорагида нархи 150 долларгача (≈1,9 млн сўм) бўлган энг яхши смартфонларни эълон қилди. Арзон нархли телефон бозорининг 4,1 фоизини эгаллаган Redmi 13C 4G модели етакчи бўлди. Кейинги ўринларда Samsung Galaxy A05 ва Galaxy A15 4G.

Мавзуга оид