Жаҳон | 21:59 / 19.09.2024
3187
2 дақиқада ўқилади

Эронлик хакерлар Байден штабига Трамп ҳақида маълумотлар юборгани маълум бўлди

Кибержиноятчилар АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг ички сайловолди материалларини ўғирлаб, Байденнинг сайловолди кампаниясига боғлиқ шахсларга юборган.

Фото: Reuters

АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг ички сайловолди материалларини ўғирлаган эронлик кибержиноятчилар ушбу ҳужжатлар парчаларини электрон мактуб тарзидаги амалдаги президент Жо Байденнинг сайловолди кампаниясига боғлиқ шахсларга юборган. Бу ҳақда Америка махсус хизматлари маълум қилди.

Федерал қидирув бюроси (ФҚБ), АҚШ Миллий разведкаси бошқармаси ҳамда Киберхавфсизлик ва инфратузилма хавфсизлиги бўйича агентлик қўшма баёнотида электрон мактубларни қабул қилганлар ҳакерларга бирор жавоб қайтарган-қайтармагани номаълум экани айтилади. Бундан ташқари, июн ойидан бери эронлик ҳакерлар Трамп кампаниясига боғлиқ ўғирланган ички материалларни Америка ОАВга ҳам юборишга уринган.

Шунингдек, баёнотда таъкидланишича, АҚШда ноябр ойида ўтказиладиган сайловлар яқинлашаётгани боис Россия, Эрон ва Хитой уларга таъсир кўрсатиш ҳаракатларини кучайтирмоқда. Махсус хизматларга кўра, улар «ўз манфаатлари учун Америка жамияти орасида бўлинишни кучайтирмоқда ва сайловларни заифлик даври сифатида кўрмоқда».

«Мазкур ёки бошқа хорижий субъектларнинг демократик институтларимизни бузишга уриниши АҚШга тўғридан-тўғри таҳдид бўлиб, бунга йўл қўйилмайди», — дея огоҳлантиради махсус хизматлар.

Google маълумотларига кўра, сўнгги олти ой ичида Қўшма Штатлар ва Исроилга барча APT42 ҳужумларининг қарийб 60 фоизи тўғри келган. Компания эронлик ҳакерлар фаолиятини АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари билан боғлайди. Шундай қилиб, яқинда содир бўлган ҳужумлар бўлажак сайловларда демократик номзод бўлган вице-президент Камала Ҳарриснинг алоқаларига ҳам таъсир қилган. Бундан ташқари, июн ойида ҳакерлар Трамп сайловолди штабининг ички ҳужжатларига кириш ҳуқуқига эга бўлишган.

Мавзуга оид