Жаҳон | 22:24 / 19.09.2024
4034
3 дақиқада ўқилади

Samsung’нинг Ҳиндистондаги заводи ходимлари иш ташлаш эълон қилди

Samsung заводида ишлаётган ходимлар кейинги уч йил давомида ўз маошлари босқичма-босқич 50 фоизга оширилишини талаб қилмоқда.

Фото: Reuters

Жанубий Корея технологик гиганти Samsung Electronics’нинг Ҳиндистондаги 1,5 мингга яқин ишчиси 11 кундан буён иш ташлаш акцияларини ўтказмоқда. BBC’нинг ёзишича, Тамилнад штатидаги иш ташлашлар сабаб ишлаб чиқаришда жиддий узилишлар рўй берган.

Ченнай шаҳридаги завод Samsung’нинг Ҳиндистондаги иккита корхонасидан бири бўлиб, 2 мингга яқин инсонни иш билан таъминлаган — маиший техника ишлаб чиқариладиган ушбу завод компаниянинг мамлакатдаги йиллик даромадининг учдан бир қисмини таъминлайди (12 миллиард доллар).

Иш ташлаш эълон қилган ходимлар Samsung’дан ўзлари яқинда ташкил этган Samsung India Labour Welfare Union (SILWU) касаба уюшмасини талаб қилмоқда. Уларнинг айтишича, фақат касаба уюшмаларигина иш ҳақи ва иш вақтини яхшилаш бўйича раҳбарият билан келиша олади.

Охирги йилларда Samsung тарихида энг йирикка айланган мазкур норозилик намойиши бош вазир Нарендра Моди хориж инвестицияларини жалб қилишга уринаётган бир пайтга тўғри келди.

Samsung India томонидан эълон қилинган баёнотда ишчилар фаровонлиги компаниянинг устувор вазифаси экани таъкидланади. «Биз барча муаммоларга тезроқ ечим топиш мақсадида Чиннайдаги завод ходимлари билан муҳокама ўтказиш ташаббуси билан чиқдик», — дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, полиция рухсатсиз норозилик намойиши уюштириш айблови билан 104 кишини қўлга олган. Аммо улар кечга бориб қўйиб юборилган.

Ҳиндистон касаба уюшмалари (Citu) маълумотларига кўра, Samsung заводида ишлаётган ходимлар ойига 25 минг рупий маош олади (298 доллар). Улар кейинги уч йил давомида ўз маошлари босқичма-босқич 50 фоизга оширилишини талаб қилмоқда.

Citu’нинг таъкидлашича, заводдаги ишчилар «босим остида бўлиб, улардан ҳар бир маҳсулотни ўз вақтида топшириш талаб қилинади — масалан, музлаткич, кир ювадиган машина ёки телевизор учун 10-15 сония вақт ажратилади. Ишчилар 4-5 соатлаб хавфсизлик бўлмаган шароитда узлуксиз ишлайди.

Samsung India компания «барча айбловларни мутлақо рад этишини ва амалдаги меҳнат қонунларига тўлиқ риоя қилинишини» билдирди.

Мавзуга оид