Жаҳон | 18:05 / 20.09.2024
4542
2 дақиқада ўқилади

Иордания моховни енгган биринчи давлат деб тан олинди

Мамлакатда 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида мохов билан касалланиш бўйича бирорта маҳаллий ҳолат қайд этилмади.

Фото: WHO

Иордания дунёда мохов (лепра) касаллигидан халос бўлган биринчи мамлакат, дея расман тан олинди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) матбуот хизмати хабар берди.

20 йилдан ортиқ вақт мобайнида Иорданияда мохов билан касалланиш бўйича бирорта маҳаллий ҳолат қайд этилмаган, бу эса мамлакат соғлиқни сақлаш тизимининг ушбу касалликни бартараф этиш бўйича олиб борган самарали стратегияларидан далолат беради.

ЖССТ топшириғига кўра, мустақил гуруҳ баҳолаш ўтказиб, бутунжаҳон ташкилотига Иорданияда мохов тугатилганини тан олишни тавсия қилди.

Иорданияда бу қадимий касалликнинг бартараф этилиши жамоат саломатлиги соҳасидаги тарихий ютуқ, шунингдек, бутун дунёда моховни тугатиш йўлидаги улкан муваффақият бўлди”, — деди ЖССТнинг Жануби-Шарқий Осиё бўйича минтақавий директори Сайма Вазед. У ЖССТнинг моховга қарши курашиш бўйича глобал дастурига раҳбарлик қилади.

Мохов (Ҳансен касаллиги) лепра микобактериялари келтириб чиқарадиган сурункали юқумли касалликдир. У тери, периферик нервлар, юқори нафас йўллари ва кўзнинг шиллиқ пардаларини зарарлайди. Шикастланишлар даволанмаса, қайтариб бўлмас даражага етиши мумкин. Эрта ташхис касалликнинг олдини олишга ёрдам беради. Лепра бактериялари ҳаво-томчи йўли орқали тарқалади.

Мохов касаллиги қадимги цивилизациялар давридан бери маълум бўлиб, ўша даврларда бу касаллик ҳақидаги маълумотлар ёзма манбаларда қолдирилган.

ЖССТ маълумотларига кўра, бугунги кунда мохов 120 дан ортиқ мамлакатларда, асосан Жануби-Шарқий Осиёда учрайди. Ҳар йили 200 мингдан ортиқ моховга чалиниш ҳолатлари тўғрисида хабарлар келиб тушади.

Мавзуга оид