Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари: АҚШга қочиб кетган КГБ майори
1979 йилда СССРда инглиз тилида чиқадиган газетанинг Япониядаги мухбири АҚШнинг Токиодаги элчихонасига боради ва сиёсий бошпана сўрайди. У ўзини КГБ майори деб таништиради. АҚШга олиб кетилгач, у КГБнинг Япониядаги жосуслик тизимини фош этади...
Барчаси 1979 йилда Японияда содир бўлган зилзиладан бошланади. Ўшанда зилзила кучи Токиода ҳам сезилади ва пойтахтда огоҳлик қўнғироғи чалинади.
Шу пайтда совет фуқароси, «Новое время» газетаси мухбири ниқоби остида Японияда ишлаётган КГБ жосуси Токиодаги супермаркетлардан бирида харид қилиб юрганди.
Огоҳлик қўнғироғи чалинганда японлар мабодо бино қуласа унинг остида қолмаслик учун супермаркетдан тартиб билан ташқарига чиқа бошлашади. КГБ жосуси ҳам улар билан ташқарига чиқади.
Шу жойда ер қимирлаётганда японларнинг саросимага тушмагани, ҳаёти учун хавфли вазият юзага келганда ҳам тартибни сақлагани жосусни қаттиқ таъсирлантиради. Шундан сўнг у Ғарбга қочиб ўтишга қарор қилади ва АҚШнинг Токиодаги элчихонасига боради. Бу жосус КГБ майори Станислав Левченко эди.
Мухбир қиёфасидаги жосус
Станислав Левченко 1941 йилда Москвада туғилади. Мактабни битиргач аввал Москва давлат университетининг Осиё ва Африка тиллари бўлимида ўқийди. Сўнг СССР фанлар академияси қошидаги шарқшунослик институтида таҳсил олади.
Ўша пайтларда СССРдаги хорижий тилларни ўргатувчи барча олий таълим муассасалари КГБ назоратида бўлиб, иқтидорли талабалар хавфсизлик идорасига ёки ташқи разведка бошқармасига ишга таклиф қилинарди.
Станислав Левченко билан ҳам шундай бўлади. Инглиз ва япон тилларини мукаммал ўрганган йигит аввалига ҳарбий разведка хизматида ишлайди. Сўнг КГБга ишга ўтади.
1975 йилда Станислав Левченкони СССРда инглиз тилида чоп этиладиган New Times (Новое время/Янги давр) нашрининг махсус мухбири ниқоби остида Японияга жўнатиб юборишади.
Шу тариқа, КГБ майори Японияда ўз фаолиятини бошлайди ва КГБнинг кунчиқар юртдаги резидентурасида ишлайди.
Левченко ишлаган бўлим асосан япон ОАВда ишловчи таниқли ва обрўли шахслар билан алоқага эга эди. Умумий ҳисобда Японияда 200 дан ошиқ одам ишлар ва уларнинг бир қисми КГБ билан ҳамкорлик қилган японлар эди.
АҚШдан сиёсий бошпана сўраш
Станислав Левченко Токиода яшар экан, уни Япониянинг Иккинчи жаҳон урушидан сўнг қисқа муддатда ўзини тиклаб олгани ва дунёнинг етакчи давлатларидан бирига айлангани ҳайратга солади.
Ўша пайтда Япониянинг исталган йирик шаҳарлари СССРнинг пойтахти Москва ёки «маданий пойтахт» деб аталадиган Ленинграддан ривожланишда олдинда эди.
Бундан ташқари, Левченкони японларнинг таълим ва илм-фанга бўлган эътибори, тозалик ва тартибга қаттиқ амал қилиши ҳайратлантиради. Шундан сўнг у Японияда қолиш ҳақида ўйлай бошлайди.
Ана шундай кунларининг бирида КГБ майорини жуда ҳам таъсирлантирган ҳодиса содир бўлади.
Левченко Токиодаги йирик супермаркетлардан бири бўлган «Исэтан»да харид қилиб юрганида Японияда ер силкинади ва унинг кучи Токиода ҳам сезилади. Шунда дарҳол огоҳлантириш қўнғироғи (сирена) чалинади.
Том босиб қолиши хавфи бўлгани учун супермаркетда юрган японлар тартиб билан ташқарига чиқа бошлашади. Левченко ҳам улар орасида эди.
Зилзила пайтида японларнинг саросимага тушмагани, ҳаёт учун хавфли вазият юзага келганда ҳам тартибни сақлагани жосусни қаттиқ таъсирлантиради.
Шундан сўнг у узил-кесил бир қарорга келади ва Японияга ёки Ғарбга қочиб ўтишга қарор қилади. КГБ майори аввалига Япония хавфсизлик идорасига бормоқчи бўлади. Бироқ сўнгги сонияларда фикридан воз кечади. Чунки японлар уни Москвага топшириб юборишлари ҳам мумкин эди.
Ўша пайтларда совет ҳарбийлари Япониянинг бир нечта самолётини уриб туширган, кемаларини чўктирган ва шу сабабли японлар СССРга қарши турли провокациялардан тийилиб туришганди.
Мабодо японлар Левченкога сиёсий бошпана беришганда ҳам майорнинг Японияда қолиши бирмунча хавфли эди. Чунки ўша пайтда бу давлатда бир пайтнинг ўзида 200 дан ортиқ КГБ жосуслари фаолият олиб борар, агар Левченко у ерда қолса топиб ўлдиришлари аниқ эди.
Вазиятни яхшилаб мушоҳада қилиб кўрган майор охир-оқибат АҚШнинг Токиодаги элчихонасига боради. У ерда КГБ майори АҚШдан сиёсий бошпана сўрамоқчи эканини билдиради.
Шундан сўнг америкаликлар КГБ майорини аввал АҚШнинг Япониядаги ҳарбий базасига олиб боришади. Дастлабки сўроқдан кейин уни Америкага олиб кетишади.
Бошқа маълумотларга кўра, Левченконинг АҚШдан сиёсий бошпана сўрашига бошқа сабаблар бўлган. Левченко Японияда ОАВ ходими сифатида жуда муваффақиятли ишлайди. Шу сабабли японлар ҳатто уни Миллий пресс клубга ҳам аъзо қилади.
Унинг бу муваффақияти КГБнинг Япониядаги бўлими бошлиғининг ўринбосари полковник Владимир Пронниковга ёқмайди. Полковник Левченкони «капиталистик ҳаётга муккасидан кетишда» айблайди. Шу тариқа улар ўртасида зимдан келишмовчилик пайдо бўлади.
Шундан сўнг Пронников уни ҳар доим чув туширишга, учрашиб қолганда эса камситишга ўтади. Табиийки, бу Левченкога ёқмайди. Унинг океан ортига ўтиб кетишида Пронников билан ўрталарида бўлган келишмовчиликлар муҳим рол ўйнаган бўлиши мумкин.
Левченко фош этган шахслар
Америкада Левченкони жуда хурсандчилик билан кутиб олишади. У Конгресснинг конфеденциал суҳбатлар бўйича қўмитасига ўзидаги барча махфий маълумотларни беради.
Маълумотлар текшириб кўрилгач, америкаликлар уларни Япония махфий хизматига тақдим этишади. Шундан сўнг кунчиқар юртда ҳибсга олишлар бошланиб кетади.
КГБ билан ҳамкорлик қилганлар орасида Японияда юқори лавозим эгалари ва таниқли шахслар ҳам бор эди.
Жумладан:
· Ҳироҳиде Ишида – бу шахс Япония либерал-демократик партиясидан чиққан сиёсатчи, у Япония Вазирлар маҳкамаси бош котиби, Япония Меҳнат ҳамда Транспорт вазири вазифаларида ишлаган;
· Кацумата Сэити – Япония социал-демократик партиясидан чиққан сиёсатчи, Япония парламенти раиси ҳамда спикери вазифаларида ишлаган;
· Шигэру Ито – Япония социал-демократик партиясидан чиққан сиёсатчи, депутат ва Транспорт вазири бўлиб ишлаган;
· Такуми Уэда – депутат, Япония социал-демократик партиясидан чиққан сиёсатчи;
· Такужи Яманэ – Itochu савдо уйининг собиқ раҳбари;
· Акиро Като – профессор-минералог;
· Ёҳэй Сасакава – Nippon Foundation раиси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эзгу ният элчиси;
· Ёшио Кодама – ўша пайтда Япониядаги жиноий авторитетлардан бири бўлган;
· Бунтаро Курай – ҳарбий таҳлилчи.
Бундан ташқари, айнан Левченконинг маълумоти асосида ўша пайтда Японияда ишлаб турган КПСС марказий қўмитасининг халқаро бўлими директори ўринбосари Иван Коваленко ҳам фош бўлади.
Шу тариқа, КГБ ва совет ташқи разведка хизматининг Япониядаги бўлимлари тамомила фош бўлади. Шундан сўнг СССРда Левченкога жиноят иши қўзғатилади ва 1981 йилда сиртдан ўтказилган судда унга ўлим жазоси берилади.
Левченконинг асарлари ва унга нисбатан «ов»
Левченко АҚШда яшар экан, бирин-кетин иккита китоб ёзади. Биринчи китоб «Нариги томонда: Менинг КГБдаги ҳаётим», иккинчиси «КГБнинг Японияга эътибори» номлари билан чоп этилади.
Левченко ўз асарларида КГБнинг барча тизимларини, кадрларни тайёрлашдан тортиб, хорижга жўнатиладиган ходимлар қандай тайёргарликдан ўтишигача баён қилинган.
Шунингдек, совет хавфсизлик идораси СССРдаги барча ташкилотларни қай тарзда назорат қилиши ва одамларни қаттиқ қўрқувда ушлаши батафсил ёзилганди.
КГБ Япониядаги фаолиятини барбод қилган Левченкодан ўч олиш учун қаттиқ аҳд қилганди. Бироқ Америкада тамомила бошқа исм-шариф билан яшаётган одамни топиш осон эмасди.
1980-йиллар ўрталарида КГБ Левченкони қидириб топиш ва йўқ қилиш учун 1970-йиллар охирларида АҚШга кўчиб кетган ва ўша ерда яшаётган эр-хотин Николай ва Слетлана Огородниковларни ёллайди.
Бироқ ФҚБ уларнинг изига тушади ва ҳибсга олади. 1985 йилда эр-хотин бир неча йилга қамоқ жазоси олади ва КГБнинг Левченкони топиш режаси барбод бўлади.
1989 йилда Левченко АҚШ фуқаролигини олади. Кўп ўтмай унга ўлим жазоси эълон қилган СССР парчаланиб тарқаб кетади. Левченко ҳозирда АҚШда яшаётгани айтилади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.